Самарқандда машҳур бренд ичимликлар ишлаб чиқариш кенгайтирилади
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев “Coca-Cola İçecek” компаниясининг Ўзбекистон бўйича бош директори Фуркан Айден бошчилигидаги туркиялик тадбиркор ва мутахассисларни қабул қилди.
Учрашувда компания ҳамкорлигида амалга ошираётган ишлар, жумладан, Тошкент, Хоразм, Наманган ва Самарқанд вилоятларида фаолияти йўлга қўйилган салқин ичимликлар ишлаб чиқариш корхоналари, уларнинг қуввати, янги лойиҳа ва иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
— Ўтган йил май ойида Жомбой туманида ишга туширилган CCI заводи биз учун муҳим қадам бўлди, — деди Фуркан Айден. - Йилига 280 миллион литргача салқин ичимликлар ишлаб чиқараётган корхонада 200 дан ортиқ иш ўрни яратилган. 2026 йилнинг биринчи чорагида “CCI Samarkand limited” МЧЖ негизида яна янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, машҳур бренд ичимликлар ишлаб чиқариш ҳажми янада кенгайтирилади. Шунингдек, биз Самарқанд шаҳридаги “Самавто” заводини сотиб олишни ва янги автомобиллар ишлаб чиқариб, қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштиряпмиз.
Мулоқот давомида Адиз Бобоев вилоятда хорижий сармоядорлар учун қулай шарт-шароит яратилаётгани ва инвесторлар билан узоқ муддатли, самарали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.
— Самарқандга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими йил сайин кўпайиб бормоқда, — деди А.Бобоев. — Шу боис шаҳарда жамоат транспорти, хусусан, электромобиль ва микроавтобусларга талаб юқори. Ўйлайманки, ҳамкорлик доирасида ушбу турдаги транспорт воситалари ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, самарали бўлади. Биз бу борада барча зарур инфратузилма ва логистика имкониятларини яратишга тайёрмиз.
Учрашувдан сўнг Самарқанд туманидаги қиймати 4 миллион долларлик «Самарқанд ичимлиги» улгуржи етказиб бериш маркази фаолияти билан танишилди.
Корхона раҳбари Улуғбек Давроновнинг таъкидлашича, марказда 30 дан зиёд юк автомашинаси вилоятдаги савдо нуқталарига 38 турдаги салқин ичимликлар етказиб беради. Корхонада 100 нафардан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланган.