Самарқандда “Мен донорман” акцияси ташкил этилди

Бутун дунёда 15-февраль болалар саратон касаллигига қарши курашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаёти учун олиб борилаётган жасоратли курашда бирдамликни намоён этиш куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана жамият эътиборини оғир хасталикка чалинган болалар муаммоларига қаратиш, уларга меҳр-шафқат, умид ва ишонч бағишлашга хизмат қилади...

Ушбу сана муносабати билан ёшлар ўртасида инсонпарварлик, ижтимоий масъулият ва ўзаро ёрдам туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши томонидан “Мен донорман” акцияси доирасида “Эзгулик албатта қайтади” шиори остида қон топшириш хайрия тадбири ташкил этилди.

Мазкур хайрия акциясининг асосий мақсади — саратон касаллигига чалинган болаларни даволаш жараёнида зарур бўлган қон ва қон компонентлари захирасини тўлдириш, шу орқали уларнинг соғайиш йўлидаги имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлди. Тадбирда вилоят касаба уюшмалари Кенгаши ходимлари, турли соҳа вакиллари, ёшлар ва фаол жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этдилар.

Тадбир давомида саратон касаллигига қарши курашаётган болалар ва уларнинг оилаларига маънавий қўллаб-қувватлаш кўрсатиш, жамиятда хайрия ва саховат маданиятини янада ривожлантириш муҳим экани алоҳида таъкидланди. “Эзгулик албатта қайтади” шиори остида ўтказилган ушбу акция иштирокчилари эзгу амал орқали нафақат бемор болалар ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшдилар, балки жамиятда меҳр-оқибат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бундай хайрия тадбирлари ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, жамият олдидаги масъулиятни чуқур англаш каби фазилатларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Донорлик — бу шунчаки тиббий амал эмас, балки юксак инсонийлик, бағрикенглик ва ҳаётга умид бағишлаш тимсолидир.

15-февраль муносабати билан ўтказилган мазкур хайрия акцияси эзгулик, саховат ва бирдамлик ғояларини яна бир бор намоён этиб, жамиятимизда инсон қадри ва саломатлиги энг олий неъмат эканини амалий ишлар орқали тасдиқлади. “Мен донорман” акцияси доирасидаги бундай ташаббуслар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, янада кенг қамровли тус олиши шубҳасиз.