Самарқандда ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди
Хабар берганимиздек, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали янгидан қурилган замонавий бинода иш бошлади.
Унинг очилиш маросимида мутасаддилар яқин кунларда хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда янгича даволаш усуллари йўлга қўйилиши ҳақида айтган эди.
Яқинда ушбу марказда туркиялик врач-муттахассислар билан тўрт кун давомида турли йўналишларда аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ўтказилди.
Республика она ва бола саломатлик маркази Самарқанд филиали ташаббуси билан спина бифида ва оғир нейрал нуқсонларга эга бўлган икки чақалоқда ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Спина бифида, бу - ҳомила умуртқа поғонасининг емирилиши натижасида туғма нуқсонларнинг юзага келиши билан белгиланадиган туғма хасталик. Уни чақалоқ туғилган илк кунларда жарроҳлик йўли билан бартараф этиш мумкин. Шу пайтгача мамлакатимизда бундай жарроҳлик амалга оширилмаган.
Ушбу амалиётга марказ ва хорижий тиббий муассасалар ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумлар асосида, Германия ва Швейцарияда малакаси оширилган ва ҳозирда Туркиянинг йирик тиббиёт муассасасида фаолият юритаётган таниқли нейрохирург Ибрахим Алатас жалб қилинди.
Жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди ва эндиликда доимий амалга оширилиши режалаштирилган.