Самарқандда Ўзбекистон-Венгрия учинчи ректорлар форуми иш бошлади
"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида Ўзбекистон-Венгрия учинчи ректорлар форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум “Рақамли даврда олий таълим: сунъий интеллект, инновацион моделлар ва глобал рақобатбардош университетлар” мавзусига бағишланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Венгрия Ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва соҳа вакиллари иштирок этмоқда. Тадбирни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов очиб берди.
- Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ олий таълим муассасалари, Венгриянинг 30 дан зиёд университет ва илмий-таълим ташкилотлари 100 га яқин ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва англашув меморандумлари асосида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда, - деди вазир. - Сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тамоман янги босқичга кўтарилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигидаги ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муқобил энергия манбалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва экологик лойиҳаларни қамраб олувчи 17 та стартап-лойиҳалар маъқулланган ва молиялаштирилган.
Форум давомида 20 дан ортиқ янги ҳамкорлик шартномалари имзоланиши, катта лойиҳаларга старт берилиши кутилмоқда.
Анжуман икки кун давом этади.