Самарқандда қанча талаба ижарада истиқомат қилади?

Бугун республикамизда талабаларнинг турар жой билан таъминланиши муаммога айланган. Олий таълим муассасалари тасарруфидаги ётоқхоналарнинг кам ўринли ёки умуман йўқлиги талабаларни ижарада яшашга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг 2021 йил 26 февралдаги топшириғи ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 5 мартдаги “Олий ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларининг яшаши учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўриш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанддаги олий таълим муассасалари раҳбарлари қандай ишларни амалга оширди?

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ушбу буйруққа асосан институт талабаларнинг турар жойларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузди. Ишчи гуруҳ томонидан икки ҳафта мобайнида талабаларнинг яшаш шароитлари ва ижара хонадонларининг ҳолати қизил (оғир шароит), сариқ (ўрта шароит) ва яшил (яхши шароит) тоифаларга ажратилган ҳолатда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, институт талабалари Самарқанд шаҳрида жойлашган 176 та маҳалла, 739 та хонадонда ижарада туриши аниқланди. Ўрганилган 739 та хонадоннинг 312 таси яшил, 378 таси сариқ ва 49 таси қизил тоифага кириши аниқланди.

Қизил ва сариқ тоифадаги ижара хонадонларида яшовчи талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги маҳаллалар, кўчмас мулк агентликлари, профилактика инспекторлари, ижара хонадон эгалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди ва 2021 йил 15 апрель ҳолати бўйича қизил тоифага киритилган хонадонларда яшовчи талабаларнинг барчаси яшил тоифадаги ижара хонадонларига ўтказилди.

Шунингдек, 2021 йил 13 апрель куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари 2021 йил 1 майдан бошлаб талабаларга ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини таъкидлаган эди.

Ҳозирги кунда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида талабаларнинг ижара хонадонлари тўловининг 50 фоизини тўлаб бериш мақсадида “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ҳамда фаол ва алоҳида ўрнак кўрсатган ижарада турувчи талабалар рўйхати шакллантирилмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида 7803 нафар бакалавр ва магистрантлар таҳсил олмоқда. Талабаларнинг 638 нафари институт талабалар турар жойида яшайди, 1979 нафари институт атрофидаги маҳаллаларда ижарада истиқомат қилади.

Шунингдек, 5186 нафар талаба (4598 нафар бакалавр ҳамда 588 нафар магистрант) ўз уйидан қатнаб ўқийди.

Шу кунгача ижарада турувчи 735 нафар талабанинг яшаш шароити ўрганиб чиқилди. Жумладан, институтда таҳсил олувчи қизил ҳудудда яшовчи 80 нафар талабанинг 30 нафари, сариқ ҳудудда яшовчи 822 нафар талабанинг 370 нафари, яшил ҳудудда яшовчи 1145 нафар талабанинг 335 нафарининг шароити ўрганилди.

Қизил ва сариқ ҳудуддаги талабаларнинг шароитини яхшилаш мақсадида институтга тегишли 200 ўринли таъмирталаб талабалар турар жойи жорий йилнинг ноябрь ойига қадар мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилди. Шунингдек, институтда давлат хусусий шериклик асосида 600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи биносини қуриш ва 2022 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида кундузги таълим йўналишида жами 5232 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 828 нафари талабалар турар жойида, 1370 нафари ижарада, 423 нафари яқин қариндошиникида, 2611 нафари ўз уйида истиқомат қилади.

Талабаларнинг 659 нафари яшил ҳудудда, 711 нафари сариқ ҳудудда яшайди. Яшаш шароити ёмон бўлган ижара хонадонлари аниқланмаган.

Яшаш шароити оғир бўлган ижарада яшовчи талабалардан 10 дан зиёдига гуруҳ мураббийлари томонидан ёрдам берилди. 9 нафар талабага талабалар турар жойидан жой ажратилди.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали талабалари Самарқанд шаҳрида жойлашган 149 та хонадонда ижарада туриши аниқланди. Ўрганилган 149 та хонадоннинг 77 таси яшил, 66 таси сариқ ва 6 таси қизил тоифага кириши аниқланди.

Ўрганиш натижасида қизил тоифага киритилган хонадонларда яшовчи талабаларнинг барчаси яшил тоифадаги ижара хонадонларига ўтказилди. Ҳозирги кунда қизил тоифага киритилган ижара хонадонларида яшовчи филиал талабалари мавжуд эмас.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида 386 нафар талаба таҳсил олади. Филиалда ётоқхона йўқлиги сабабли талабаларнинг 318 нафари 58 та хонадонда ижарада яшайди. Ижара хонадонларда яшовчи талабаларнинг гуруҳлар кесимида яшаш манзиллари рўйхати шакллантирилди. Талабаларнинг яшаш шароити ўрганилди. Ўрганиш натижасида 44 та ижара хонадон яшил, 9 таси сариқ ва 5 таси қизил гуруҳга ажратилди.

Ижарада яшовчи талабалар турар жойини ўрганиш юзасидан Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалидан маълумот тақдим этилмади.