Самарқандда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини жамғариш кечга қоляпти

Куз-қиш мавсумида аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш учун захира яратиш энг долзарб масалалардан бири. Республика ишчи гуруҳи бу масала билан ҳам жиддий шуғулланди.

Жорий мавсумда Самарқанд вилояти аҳолисини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 1285 тонна картошка, 922 тонна пиёз, 506 тонна сабзи, 315 тонна карам, 1556 тонна гуруч ҳамда 90 тонна дуккакли дон маҳсулотлари жамғариш режалаштирилган.

2020-2021 йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишга доир дастурга биноан тижорат банклари томонидан 119 нафар лойиҳа ташаббускорига 33,9 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган. Уларнинг молиявий ҳолати ўрганилганда лойиҳа ташаббускорларининг 32 нафари ўз маблағлари, яъни 9,4 миллиард сўм ҳисобидан амалга ошириши маълум бўлган. Дастурда 8 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган 26 нафар мижоз томонидан лойиҳани амалга ошириш рад этилган. 7 нафар мижознинг тижорат бинкларидан 2,3 миллиард сўм миқдоридаги кредит қарздорликлари мавжуд.  Шунингдек, дастурда 393 миллион сўм миқдорида кредит ажратиш кўзда тутилган 2 нафар тадбиркорнинг фаолияти тугатилган.

Вилоятда 50 нафар тадбиркорга 13,4 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда маҳсулотларни ғамлаш ишлари бошланмаганлиги сабабли бу ишлар ҳам кечга қолмоқда. Республика ишчи гуруҳи томонидан соҳадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.