Самарқандда қурилаётган талабалар турар жойлари белгиланган муддатда фойдаланишга топшириладими?

Вилоятдаги олий таълим муассасаларида жорий йил давомида 10 та талабалар турар жойи (ётоқхона) қуриш режалаштирилган. Шундан, 1 та инвестиция дастури, 2 та реконструкция (ўз маблағи) ва 7 та ДХШ асосидаги ётоқхоналарда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, айрим қурилиш объекларида муаммо мавжуд ва улар муддатида топширилмаслиги эҳтимоли катта.

Жумладан, СамДУнинг Каттақўрғон филиалида инвестиция дастурига асосан “Жамшиджон универсал савдо” ХК томонидан 500 ўринли ётоқхона биносининг 8-қаватида (охирги) ғишт териш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу қурувчи февраль ойида қатъий огоҳлантирилган бўлса-да, қурилиш ишларининг ҳозирги ҳолати билан янги ўқув йилига қадар талабалар турар жойини фойдаланишга топшира олмаслиги мумкин.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси 229-уй манзилида тадбиркор маблағлари ҳисобидан қурилаётган 600 ўринли ётоқхонада қурилиш ишлари секин кетаётганлиги сабабли сентябрь ойида ҳам белгиланган муддатда топшира олмаслиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳудудидан ДХШ асосида қурилаётган 5 қаватли, 750 ўринли ётоқхона белгиланган муддатга (1 ноябрь) қадар фойдаланишга топшира олмаслик хавфи бор.
Чунки объектда энди биринчи қаватида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги айтилмоқда.

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети (техникуми) ҳудудида ДХШ асосидаги қурилаётган 400 ўринли ётоқхонада қурилиш ишлари бор-йўғи 30-35 фоиз бажарилган.
Декабр ойида ҳам фойдаланишга топширлиши режалаштирилган талабалар турар жойидаги қурилиш-пардозлари ишлари шу муддатда тугармикан?