Самарқандда россиялик жарроҳ мураккаб операцияни муваффақиятли бажарди
Жойларда болалар ўртасида сил билан зарарланишни аниқлаш учун туберкулёз синамаси ва диаскинтест амалиётларини татбиқ этиш кенг йўлга қўйилмоқда.
Жумладан, 2019 йилдан бошлаб вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидаги тиббиёт бирлашмалари таркибида бирламчи тизимли фаолият олиб бораётган 589 нафар тиббий ходими Фтизиатрия ва пульмонология марказининг малакали мутахассислари томонидан ўқитилиб, уларга туберкулиндиагностика технологияларига оид сертификатлар берилди.
Туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли силга қарши курашиш бўлимлари мутахассислари учун фармаканазорат тизими ўқув курслари ташкил этилди. Силга қарши биринчи ва иккинчи қатор дорилар билан даволанаётган беморларда дориларнинг ножўя таъсири бўйича тушунчалар берилди.
Фтизиатрия ва пульмонология марказининг 100 ўринли жарроҳлик блокида кўкрак қафасидаги, суяк-бўғин потологиясидаги ва сил касаллигининг ўпкадан ташқари потологияларини радикал даволашда инновацион жарроҳлик амалиётлари тизими йўлга қўйилди.
Бунинг учун Россия федерациясининг Сеченов номидаги 1-Москва давлат университети фтизиатрия ва пульмонология илмий-текшириш институти директори, профессор Дмитрий Геллер Самарқандга ташриф буюрди. Россиялик жарроҳ томонидан вилоят силга қарши курашиш диспансерида юқори технологияли жарроҳлик амалиёти асосида чап ўпка сиротек сили ташхиси билан даволанаётган беморда пульмонэктомия операцияси муваффақиятли ўтказилди.
Қаландар ҚЎЙЛИЕВ,
вилоят Фтизиатрия ва пульмонология
маркази директори ўринбосари,
олий тоифали фтизиатр-жарроҳ.