Самарқандда собиқ ИИБ ходими оқланди
Бир муддат аввал суднинг шундай қарорини олган фуқарога 145 миллион сўмдан кўпроқ моддий ва мулкий зиён қопланадиган бўляпти.
Суд ҳужжатларига кўра, у аввал Пахтачи тумани ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси вазифасида ишлаган.
Бундан 7 йил аввал пора олиш билан боғлиқ жиноятда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган. Айбсизлигини исботлаш учун қилган ҳаракатлари натижасида 2021 йилда айбсиз деб топилиб, оқланган.
Аксарият ҳолларда кузатилгани каби у шу билан чекланмаган. Натижада собиқ ИИБ ходими оқлангани муносабати билан реабилитация қилинди.
Мутахассисларнинг билдиришича, қонунга хилоф ҳаракатлар оқибатида у 145 миллион 406 минг 124 сўм иш ҳақи ва бошқа моддий даромадларидан маҳрум бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди вилоят молия бош бошқармасидан ушбу пул маблағларини собиқ ИИБ ходими фойдасига ундириш ҳақида ажрим чиқарди.
Унга, шунингдек, моддий ва маънавий зарарларини ундириш юзасидан асослантирувчи ҳужжатларини тақдим қилган ҳолда, келгусида фуқаролик тартибида судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.