Самарқандда "Sogdiana" аквапарки очилди (фотожамланма)
Жами уч ярим гектар майдонда ташкил этилган сўлим гўшада, оилавий келувчилар учун алоҳида чўмилиш жойи, иккитадан катталар ва ўсмирлар учун бассейн, болаларга мўлжалланган бассейн ва учта жакузи, олтита турли аттракционлар, тез оқувчи, тўлқинлантирувчи ҳавзалар мавжуд. Маскан бир вақтнинг ўзида минг кишини, бир кунда эса 3-4 минг нафар сув мўъжизасига қизиқувчиларни сиғдира олиши мумкин.
Аква паркнинг икки томонидан кириш дарвозаси олдида автомашиналар тўраргоҳи ташкил этилган. Умумий овқатланиш шохобчалари юртдошларимиз хизматига шай. Кийиниш хоналарида хавфсизликни таъминлаш мақсадида алоҳида электрон калитлар жорий этилган.
– Умумий қиймати 8 миллион доллар бўлган лойиҳанинг ҳозирда 3 миллион долларига мазкур ҳавза бунёд этилди, – дейди масканнинг ижрочи директори Баҳриддин Иброҳимов. – Бу лойиҳа қийматинининг 40 фоизи хитойлик инвестирларга тегишли. Йил охиригача яна қишки бассейн, соғломлаштириш маркази, 200 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қуриш ишлари якунига етказилади. Ҳозирда бу ерда 30 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, тўлиқ қувватда иш бошлашимиз билан яна 90 нафар юртдошларимиз учун янги иш ўринлари яратилади.
– Шаҳримизда бундай масканларнинг қурилиши барчамиз учун айни мудао бўлди, – дейди Али Қушчи маҳалласида истиқомат қилувчи Зулфия Маматқулова. – Бу ердаги шароит мен ва фарзандларим учун жуда маъқул бўлди.
Аквапаркада 3 соат дам олиш учун чипта нархи катталарга 50 минг сўм, 11 ёшгача бўлган болаларга 25 минг сўм этиб белгиланган.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.