Самарқандда таниқли рассом Намоз Султонов асарлари кўргазмаси очилди

Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг кўргазмалар залида рангтасвирчи рассом Намоз Султонов хотирасининг 80 йиллигига бағишланган “Санъатга бахшида умр” деб номланган кўргазма очилди.

  Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда самарқандлик мусаввирлар, олимлар, санъаткорлар, музейлар ходимлари ҳамда вилоят ва Самарқанд шаҳри жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш лозимки, мусаввир Намоз Султонов ўз асарларида кўпроқ она мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Рассом она сиймосини яратар  экан, унинг ички дунёсини ёрқин ва аниқ ифодалаш билан бирга бу мукаррам зот қадрини ҳам тасвирлашга интилади. Асарларини дастгоҳли рангтасвирдаги портрет, меъморий манзара, тематик натюрморт ҳамда монументал рангтасвирларда жо этган.

Кўргазмадан рассомнинг 80 дан ортиқ ижодий ишлари ўрин олган.  “Самарқанд кашталари”, “Бибихоним”, “Оналик туни”, “Обираҳмат”, “Қорақамиш тонги”, “Автопортрет”, “Сумалак”, “Шоҳи Зинда”, “Орол”  асарлари шулар жумласидандир.

Кўргазма музейда бир ой давомида намойиш этилади.

Маълумот ўрнида: Намоз Султонов 1938 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. 1957-1962 йилларда П.Беньков номидаги Тошкент бадиий-рассомчилик билим юртида таҳсил олган. Сўнгра Тошкент театр ва рассомлик институтида ўқиган.