Самарқандда умумтаълим мактабларида таълим сифати ва муаммоларни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи иш бошлади

Вилоят ҳокимлигида таълим тизимига масъул вазирликлар, тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ўтказилган йиғилишни Халқ таълими вазири Ш.Шерматов олиб борди.

- Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимни ислоҳ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди, - деди Ш.Шерматов. – Бу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳлари тузилиб, улар ёрдамида мактаблардаги таълим-тарбиянинг мазмуни, ўқув дастурлари, унинг сифати ва ўқув қўлланмалари билан таъминланиши, педагогларнинг билим ва малака даражаси, муассасаларнинг қурилиши, ўқув жараёнларига ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг масъуллиги каби таълим сифатига таъсир этувчи бир қатор омиллар ўрганиладиган бўлди. Ўрганишлар натижалари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланади.

Республика ишчи гуруҳи илк фаолиятини айнан Самарқанд вилоятидан бошлагани боиси ҳам айтилди. Таъкидланишича, дунёга машҳур олимлар, буюк мутафаккирлар, етук сиёсий арбобларни тарбиялаган, нуфузли маданий-маърифий, иқтисодий салоҳиятга эга бўлган вилоят бугун таълим соҳасида ортда қолмоқда. Жумладан, вилоят мактаблари таълим сифати кўрсаткичлари бўйича республика рейтингида охиргилардан – 13-ўринда. Мактаблар сони бўйича республикада етакчи ҳисобланган вилоят муассасаларининг бирортаси мамлакатимизнинг энг кучли мактаблари қаторидан жой эгалламаган. Аксинча, юртимиздаги энг оғир, кўрсаткичлари жуда паст 20 мактабнинг 10 таси мазкур вилоят ҳиссасига тўғри келяпти. Олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган талабалар сонига доир кўрсаткичларда ҳам Самарқанд орқада.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи аъзолари йиғилганларга таништирилди. Ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

А.Шерхолов.