Самарқандда хуфиёна иқтисодиётга қарши қандай курашилмоқда?

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтган йили тадбиркорлик субъектларига 2 мингга яқин амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 2068 та иш ўринлари яратилди.

Хусусан, 117 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди. Бундан ташқари, 95 та тадбиркорлик субъектига ер ажратишда, 15 тасига электр тармоқларига уланишда, 9 тасига фаолиятини кенгайтириш учун банклардан 315 миллион сўм миқдорида кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилган. Қолаверса, 309 та субъект фаолиятига қонуний тус берилган.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари асосида 15 та жиноят иши қўзғатилган. Мисол учун, «AL ASAD ANVAR» масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Ургут филиали мутахассиси О.М. 0,15 гектар ташландиқ ер майдонида қўшимча ишлаб чиқариш цехини қуриш учун ерга эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириш ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 2 минг доллар олган вақтида ушланган. Ҳолат юзасидан О.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Умуман, 2020 йилда 305 та жиноят иши қўзғатилиб, 139 та маъмурий иш юритилган.

Коррупция ва порахўрлик

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида 179 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Порахўрлик билан боғлиқ 60 та жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, соғлиқни сақлашда 13 та, олий таълимда 8 та, ер-мулк кадастрида 4 та, маҳалла фуқаролар йиғинларида 4 та, халқ таълимида 3 та, мактабгача таълимда 2 та, ИИБ тизимида 1 та, СЭОМ (СЭС)да 1 та, электр тармоқлари тизимида 1 та, бошқа соҳаларда 23 тани ташкил қилган.

Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар тиббий чақирув комиссияси катта врачи И.Т. ўз хизмат хонасида фуқаро А.Б.дан унинг ўғли Г.Д.нинг оёғи ясси эканлиги, 2020 йил 30 январь куни ўтказилган тиббий кўрикда “муддатли ҳарбий хизматга яроқсиз”, деб топилганлигини важ қилиб, уни хизматга яроқлилиги тўғрисида хулоса бериш ва Самарқанд шаҳридаги танишлари орқали ҳарбий хизматга юбориш эвазига 600 долларни пора тариқасида олган вақтида ушланган.

Суд ҳукмига кўра И.Т. 4 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бюджет пули ҳисоб-китобсиз эмас

Ўтган йили бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 54 та жиноят иши қўзғатилган. Жами 23,5 миллиард сўмлик зарар аниқланган. Жумладан, халқ таълими тизимида 10 ҳолатда 3,4 миллиард сўм зарар аниқланиб, 2,8 миллиард сўми ундирилган.

Мактабгача таълим тизимида 6 ҳолатда 736,3 миллион сўм зарар аниқланиб, 542,5 миллион сўм ундирилган. Соғлиқни сақлаш тизимида 6 ҳолатда 782,4 миллион сўмлик зарар аниқланиб, 453,5 миллион сўм ундирилган. Электр тармоқлари тизимида 5 ҳолатда 6 миллиард сўмлик зарар аниқланиб, 1 миллиард сўм ундирилган.

Солиқ тўловидан бўйин товлаш - жиноят

Вилоят бўйича солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари юзасидан 23 та жиноят иши қўзғатилди. Шу орқали бюджетга қўшимча 91,5 миллиард сўм ҳисобланиб, 16,8 миллиард сўм ундирилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “COMMERCE MIX TRADE” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари ҚҚС ҳисоботи бўйича жами 10,8 миллиард сўмлик товар айланмасини амалга ошириб, 3,2 миллиард сўмга камайтириш орқали ҚҚС бўйича 537,9 миллион сўм солиқларни тўлашдан бўйин товлаб, 5,1 миллиард сўмлик нақд пулларни назорат касса машинасидан ўтказмаган. Шунингдек, жамият сотилган, 3,5 миллиард сўмлик кирим қилинмаган товарлар савдосини амалга ошириб келганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган ҳамда суднинг ҳукми билан корхона раҳбарига тегишли жазо тайинланган.

Ноқонуний топилган даромад буюрмайди

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича 5 та жиноят иши қўзғатилган.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар “Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси” мансабдор шахслари бир гуруҳ бўлиб, 2017-2019 йиллар давомида корхона ходимларига хизмат сафари учун, иш ҳақига қўшиб ёзиш, иш ҳақини тарқатмаслик, ишламаган фуқароларнинг харажатлари учун ўтказиш, бошқа корхоналарга молиявий ёрдам ҳамда корхона корпоратив картасидан асоссиз чиқим қилиш орқали 1 миллиард 258,3 миллион сўм корхона маблағларини талон-торож қилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйдан 3 хонали хонадонни сотиб олиш учун 232,4 миллион сўм ўтказиш орқали жиноий фаолиятдан олган даромадларини легаллаштирган.

Ҳолат юзасидан корхона мансабдор шахсларига нисбатан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.

Валюта қўлда сотилмайди

Ўтган йили вилоятдаги 19 та тижорат банкларида мавжуд 104 та халқаро пул ўтказмаларидан 840 миллион 579,7 минг АҚШ доллари келиб тушган. Шунингдек, 60 миллион 374 минг АҚШ доллари хорижга юборилган.

Мавжуд 91 та валюта алмаштириш шохобчалари орқали 260 миллион 131,3 минг АҚШ доллари сотиб олинган. Ўз навбатида, 140 миллион 162,4 минг АҚШ доллари сотилган. Шунга қарамасдан, ўтган йили валюта маблағларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 53 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 44 та жиноят ва 9 та маъмурий ишлар юритилган.

Оқибатда 142 минг 919 АҚШ доллари, 57 минг 200 Россия рубли, 2000 Қозоқ тенгеси, 263,1 миллион сўм ва 165,2 миллион сўмлик заргарлик буюмлари олиб қўйилган.

Мисол учун, Каттақўрғон тумани “Пайшанба” деҳқон бозори олдида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Х. бир гуруҳ бўлиб, фуқаро В.А. га 1 АҚШ долларини 9590 сўмдан ҳисоблаб, 7250 долларни 69 миллион 527 минг 500 сўмга сотган вақтида ушланган.

Хуфиёна иқтисодиётга йўл йўқ

Мазкур йўналишда 56 ҳолат аниқланиб, 30 та жиноят иши қўзғатилган ва 26 та маъмурий иш юритилган. Оқибатда 695,3 миллион сўмлик товар моддий бойликлари олиб қўйилган.

Жумладан, дори-дармон воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ 18 та маъмурий, психотроп дори воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ 4 та жиноят иши қўзғатилган.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари муомаласи билан боғлиқ 4 та жиноят иши қўзғатилган ва 1 та маъмурий иш юритилиб, 35,6 миллион сўмлик, пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш билан боғлиқ 16 та жиноят ва 2 та маъмурий иш юритилиб, 378,2 миллион сўмлик ускуналар ва маҳсулотлар олиб қўйилган.

М.Рўзматов,

Департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.