Самарқандда йилнинг биринчи ярмида 30 нафар шахс оқланди

Бу ҳақда Самарқанд вилоят судларининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитовнинг қайд этишича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2328 нафар шахсга нисбатан 1840 та жиноят иши кўриб тамомланган ва 1366 та иш бўйича 1801 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. 519 нафар шахсга нисбатан 467 та иш тугатилди. 

1700 нафар судланганларнинг 414 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 622 нафарига озодликни чеклаш, 477 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 165 нафар шахсга жарима тайинланди. Барча инстанция судларида кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 200 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. 127 нафар шахс эса суд залида қамоққа олинди.

Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 13 та жиноят иши бўйича 30 нафар шахс оқланди. 455 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 500 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

– Мамлакатимизда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар, – деди вилоят суди раиси О.Ҳайитов. – Бироқ, қилмишидан тегишли хулоса чиқарган шахсларга енгилликлар берилмоқда. Уларнинг аксарияти бу имкониятдан оқилона фойдаланиб соғлом турмуш тарзига ўтмоқда. Лекин бу яхшилик, бағрикенгликнинг қадрига етмаганлар ҳам учраб турибди. Давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликни тўғри тушунмай, белгиланган тартибларни бузганлиги учун йилнинг биринчи ярмида 137 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар оғирроғига, озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 96 нафар шахсларнинг жазоси эса озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Брифингда қайд этилишича, йилнинг биринчи ярмида вилоят судларида кўрилган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ва қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан судланганлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 нафарга кўпайган. Худдий шундай қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятини содир этганлар 20 нафарга, ҳақорат қилиш билан судланганлар 34 нафарга, фирибгарлик билан шуғулланганлар 162 нафарга кўп бўлган.

Йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро, туман, шаҳар судлари биринчи инстанциясида 17 минг 291 та фуқаролик ишлари кўрилди. Шундан 13 минг 304 та даъво қаноатлантирилган бўлса, 2213 та даъво рад қилинди, 1131 та ариза қонуний асосларга кўра кўрмасдан қолдирилди, 643 та иш иш юритишдан тугатилди.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 3414 та фуқаролик ишининг 1759 таси қаноатлантирилди, 1313 та даъво рад этилди, 145 та иш бўйича томонлар яраштирилди.