Самарқандда заргарлик бўйича миллий бренд яратилади
Самарқанд шаҳрида заргарлик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Заргарлик санъати анъаналарини қайта тиклаш, маҳаллий заргарлик буюмларининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлаш, аҳолининг сифатли заргарлик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида бунёд этилган марказнинг умумий майдони 4500 квадрат метрни ташкил этади. Уч қаватдан иборат янги мажмуада 20 дан ортиқ заргарлик дўкони, заргарлар устахоналари ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд.
— 9 миллиард сўм инвестиция маблағи ҳисобига қурилган марказда 130 та янги иш ўрни яратилди, - дейди “Шарқ саноати” концерни директори Бахтиёр Тоштемиров. – Бу билан иш тугагани йўқ. Заргарлик соҳасида миллий брендни яратиш ҳамда уни бутун дунёга машҳур қилиш мақсадида концернимиз томонидан махсус устахоналар ташкил этилиб, уларга хорижлик мутахассислар ҳам жалб қилинмоқда. Жараёнда ишлатилаётган хомашёнинг асосий қисми биржа орқали олиняпти, чет элдан импорт ҳам мавжуд.
Бугунги кунда вилоятимизда заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан 12 та корхона, 30 нафардан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор ҳамда уста-ҳунармандлар шуғулланади. Уларнинг маҳсулотлари вилоятдаги 123 та заргарлик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудидаги дўконларга етказилади. Эътиборлиси, марказга жалб қилинган заргарлар орасида соҳада кўп йиллик тажрибага эга моҳир уста-ҳунармандлар кўп.
— Заргарлик билан болалигимдан шуғулланиб келаман, бу ота касб, - дейди уста Ойбек Тиллаев. – Биз ишимизда асосан миллий ва замонавий дизайн уйғунлиги орқали нодир заргарлик маҳсулотларини яратишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун кўплар тарихий манбалар, адабиётлар билан танишиб чиқамиз, ўз навбатида халқаро бозордаги талабларни ҳам ўрганамиз. Шаҳримиз доим сайёҳлар билан гавжум, шу боис самарқандлик уста-заргарларда миллий бренд яратиш учун кенг имконият бор. Янги ташкил этилган марказ бунда муҳим ўрин тутади.
Марказнинг очилиш маросимида заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларининг тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлари намойиши ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Нозир Ибрагимов, Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров иштирок этди.