Самарқанддаги икки мактабга саккиз элнинг мақол ва эртаклари китоби топширилди
Самарқанд шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйида Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ҳамда республика тожик миллий маданий маркази ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров, республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландон Субҳонова қатнашиб, мамлакатимиз аҳолисининг беш фоизини тожик миллатига мансуб аҳоли ташкил этишини таъкидлади. Бу икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар қўшни Тожикистон Республикаси ўртасидаги чегаранинг очилиши билан янада ривожланаётгани ва қардошлик мустаҳкамланаётгани айтилди.
- Самарқандда “Дўстлик уйи”нинг ташкил этилиши ҳам бошқа миллат вакиллари билан бирдамликларингизнинг намунаси, - деди меҳмонлар.
Шунингдек, бошқа миллат ва элатлар билан дўстлик биродарлик намунаси сифатида “Халқ дипломати” кўкрак нишони таъсис этилаётганини билдиришди.
Тадбирда тожик тилида дарс ўтиладиган Ургут туманининг Сойғўс қишлоғидаги 32-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Самарқанд туманининг Ўрта Оҳалик қишлоғида жойлашган 18-мактаб намунали фаолият кўрсатаётгани учун кутубхонасига ўзбек тилида нашр этилган “Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги” ҳамда “Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгитлари” китоблари топширилди. Китобларда ҳинд, қозоқ, қирғиз, хитой, Покистон, рус, тожик, ўзбек халқ ўгитлари, мақоллари ва эртакларининг энг саралари жойланган. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва республика тожик миллий маданий маркази томонидан ҳам китоблар берилди.
Келгусида ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказишга ҳамда бу китобларни бошқа тилларга ҳам таржима қилишга келишиб олинди. Самарқандда саккиз элнинг маданияти кўргазмасини ўтказиш ҳам режалаштирилаётгани барча тадбир иштирокчиларини қувонтирди.
Давра суҳбати давомида "Ипак йўли" туризм халқаро университети билан шу йилнинг февраль ойида меморандум имзоланганлиги айтиб ўтилди.
Ҳусан Элтоев.