Самарқанддаги корхона 215 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишларини шартнома талаблари асосида бажармаган

Суд унга Қўшработ туманидаги ичимлик суви тармоғига оид иш бўйича 32 миллион сўмдан кўпроқ пулни даъвогарга қайтариб беришни белгилади.

Маълум қилинишича, “G.C.” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “SUP .. s” хусусий корхонаси ўртасида 2019 йил 26 сентябрда қурилиш-монтаж ишлари учун умумий қиймати 215 миллион сўмлик шартнома тузилган.

Шартноманинг 1.1-бандига кўра, даъвогарнинг “G.C.” топшириғига асосан жавобгар ўз кучи ва хом ашёси билан ЛОТ-1 объекти бўйича Қўшработ туманидаги “Сарбозор” аҳоли пунктини сув билан таъминлаш ва сув иншооти қуриш мажбуриятини олган.

2.3-бандига кўра даъвогар шартнома қийматининг 15 фоизи миқдорида аванс тўловларини амалга ошириши лозим бўлган. У шу асосда жавобгарнинг ҳисоб рақамига 2019 йил 22 октябрда аванс тўлови сифатида 32 миллион 250 минг сўм ўтказиб берган.

Шартноманинг 3.1-бандига кўра аванс тўлови амалга оширилгандан сўнг жавобгар 3 кун ичида махсус техника ва ишчилар билан қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаши зарур бўлган. Бироқ жавобгар бир ойдан кўпроқ вақт ўтса-да бу мажбуриятни бажармаган. Шу боис, даъвогар 2019 йил 9 декабрда огоҳлантириш хати юбориб, авансни қайтаришни сўраган.

Огоҳлантириш оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 32 миллион 250 минг сўм асосий қарз, 1 миллион 696 минг 438 сўм пеня ундиришни сўраган.

Жомбой туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогар кассация шикояти киритиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъво аризасини қаноатлантиришни сўраган.

Суд мажлисида жавобгар вакили шартномага асосан объектда 67 миллион сўмлик ишлар бажарилганлигини, жавобгар томонидан бажарилган ишлар қабул қилинмаганлигини, бу ҳақида далолатномалар даъвогарга топширилганлигини, бироқ далолатномаларга даъвогар имзо қўймаганлигини, бундан ташқари, ишларни бажариш ва давом эттириш учун даъвогар хомашё ва маҳсулот етказиб бермаганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантирмасдан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Жавобгар ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни, жумладан, шартноманинг 3.6-бандида кўрсатилган ҳужжатларни ҳамда бажарилган ишлар даъвогар томонидан қабул қилинганлиги тўғрисида далолатномаларни биринчи инстанция судига тақдим қилиб, тегишли далиллар асосида исботлаб бермаган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан, даъвогарнинг жавобгардан 32 миллион 250 минг сўм қарздорликни ундириш талаби асосли ва қаноатлантирилиши лозим. Бироқ биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабини рад этиш тўғрисида нотўғри хулосага келган.

Шу боис, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъати Жомбой туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилиб, янги қарор қабул қилди.

Унда жавобгар хусусий корхонадан даъвогар фойдасига асосий қарз, ихтиёрий (биринчи ва кассация инстанцияси учун) тўланган 483 минг 750 сўм давлат божи, 35 минг 680 сўм почта харажати ҳамда 55 минг 750 сўм видеоконференцалоқа харажати ундирилиши белгиланди.

Бироқ даъвогарнинг жавобгардан 1 миллион 696 минг 438 сўм пеня ундириш талабини асослантирилмаганлиги ва шартномага асосан ҳисобланмаганлиги, бундан ташқари, пеня ҳисоб-китоби мавжуд эмаслиги учун рад этди. Рад этилган қисми бўйича ихтиёрий тўланган 25 минг 446,1 сўм (биринчи ва кассация инстанцияси учун) давлат божи даъвогар зиммасида қолдирилди.

Жавобгар “Sardor Universal Parts” хусусий корхонасидан Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига 55 минг 750 сўм суд харажати ундириладиган бўлди.

Жасур Юсупов,

Самарқанд вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси.