Самарқанддаги участка сайлов комиссияларига 14 минг киши жалб этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.

Комиссия раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда округ ҳудудидаги участка сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Сайлов кодексига кўра, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

 Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.

 Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

 Мазкур тартибга мувофиқ, вилоятдаги туман ва шаҳарлар Кенгашлари ўз ҳудудларидаги сайлов участкалари бўйича комиссиялар таркибини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясига тақдим этган.

Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссиялари таркибини қонунда белгиланган талаблар бўйича кўриб чиқиб, вилоят ҳудудидаги 1111 та сайлов участкаси бўйича комиссиялар таркибини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Вилоят бўйича участка сайлов комиссияларига 13 минг 974 киши жалб этилди. Уларнинг 5929 нафари (42 фоизи)ни хотин-қизлар ташкил этади. Жами аъзоларнинг 63 фоизи, яъни 8800 нафари аввалги сайловларда сайлов комиссияларида фаолият кўрсатган, бу борада тажрибага эга.

Фаолият соҳасига кўра, комиссия аъзоларининг 49 фоизи (6851 нафари) халқ таълими тизими ходимлари, 19 фоизи (2721 нафари) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, 15 фоизи (2721 нафари) ҳам давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 229 нафари нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳисобланади.

Мутахассислиги бўйича аъзоларнинг 50 фоизи (7004 нафари) педагог, 10 фоизи (1430 нафари) шифокор, 6 фоизи (890 нафари) иқтисодчи, 2,3 фоизи (318 нафари) ҳуқуқшуносдир.

 Мажлисда округ сайлов комиссияси ваколатига таалуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишдан сўнг округ ҳудудий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев комиссия томонидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқлангани ва уларнинг ваколатлари ҳақида маълумот берди.