Самарқандга 10 ой давомида 500 мингдан зиёд хорижий сайёҳ келди. Бу камми ёки?..
Хабар берганимиздек, Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан тасдиқланган режага кўра, вилоят ҳокимининг туризмнинг ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев билан матбуот анжумани ўтказилди.
Республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этган анжуманда Б.Нуруллаев Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги "Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди. Шунингдек, жорий йилнинг 10 ойи давомида вилоятга ташриф буюрган 2,7 миллион нафар турист, шундан 500 мингдан зиёди хорижий сайёҳлар ташкил қилганлигини таъкидлади. Бу эса ўтган даврга нисбатан қарийб икки баробарга ошган.
- Жорий йилда жаҳоннинг 147 та мамлакат фуқароларига визасиз режим ҳамда электрон визалар олиш тартиби янада соддалаштирилди, - дейди Ботир Нуруллаев. - Бугунги кунда вилоятимизда 562 та туристик намойиш этиш объектлари, 5949 ўринлик 142 та меҳмонхона ва 1207 ўринлик 135 та оилавий уй мехмонхоналари, 170 та туроператорлик субъектлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, 230 та туристлар талабига жавоб берувчи автотранспорт воситалари, 230 та гид-таржимонлар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Ўтган даврда 27 та меҳмонхона, 43 та туроператорлик субъектлари ташкил қилиниб, 26 та сайёҳлик автобуси, 46 та микроавтобуслар олиб келинди. Шунингдек, 8 та туристик ахборот марказлари ташкил қилинди.
Шунингдек, 57 та йўл кўрсаткичлари ва белгилари ҳамда вилоят ҳудуди сайёҳлик объектларида 40 та, йўл бўйларида 18 та янги санитария-гигиена шохобчалари ташкил этилди. Сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида шу йилнинг ўзида 55 та янги Wi-Fi нуқталари ўрнатилиб, уларнинг сони 67 тага етказилди.
Матбуот анжуманида жорий йил 26-28 ноябрь кунлари 180 дан ортиқ туристик шаҳарлар аъзолигига эга бўлган Бутунжаҳон Туристик Шаҳарлар Федерациясининг (WТCF) 1-Марказий Осиё конференцияси доирасида вилоятнинг туризм салоҳияти намойиш этилиши натижасида 20 дан ортиқ келишувларга эришилди. Айнан шу тадбирлар якунида нуфузли ташкилот томонидан 2020 йилга биргина Хитойдан юз минг зиёд сайёҳлар жалб қилиниши маълум қилинди.
Матбуот анжумани давомида журналистлар вилоятимизда туризмни янада ривожлантириш бўйича йўл харитаси тузилганлиги, унда Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.