Самарқандга кимлар, қайси соҳаларга, қанча сармоя киритяпти?

Ойбек ХОДЖАЕВ, вилоят ҳокимининг ўринбосари:

- Инвестиция дастурига асосан жорий йилнинг январь-август ойларида вилоят бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда давлат кафолати бўлмаган хорижий кредит маблағлари ҳисобига жами 108,9 миллион долларлик, яъни режага нисбатан 125 фоизга (йиллик режага нисбатан 75,1 фоиз) инвестициялар ўзлаштирилди. Шундан, 34,8 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва 74,1 миллион АҚШ долларига тенг давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредитлар жалб этилди.

Бундан ташқари, 2020 йилги инвестиция дастурига қўшимча равишда қиймати 43,2 миллион долларлик 67 та инвестиция лойиҳаси киритилиб, 36 та лойиҳада 16,9 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 31 та лойиҳага 26,3 миллион долларга хорижий валютада банк кредитлари берилди.

Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатини ўтган йилларга нисбатан таҳлил қиладиган бўлсак, 2018 йил 1 сентябрь ҳолатига 29 та инвестиция лойиҳаси ҳисобига 15,4 миллион долларлик маблағ ўзлаштирилди. 2019 йил 1 сентябрь ҳолатига 99 миллион долларлик 91 та лойиҳа ишга туширилди ва 2020 йилнинг мос даврига 100 та инвестиция лойиҳаси ҳисобига 108,9 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

2020 йил инвестиция дастуридаги лойиҳаларнинг 24 таси саноат соҳасида (қиймати 144,6 миллион доллар ва 2734 та иш ўрни), 7 таси қишлоқ хўжалиги соҳасида (қиймати 17 миллион доллар ва 305 та иш ўрни) ва 10 таси хизмат кўрсатиш соҳасида (қиймати 55,7 миллион доллар ва 495 та иш ўрни) амалга ошириш режалаштирилган.

Хорижий инвестицияларнинг жалб қилиниши мамлакатлар кесимида асосий қисми, яъни 60,6 фоизи Хитой, 12,3 фоизи Корея, 6,9 фоизи Қатар, 6,2 фоизи Туркия, 3,2 фоизи Сингапур, 2,9 фоизи АҚШ, 2,4 фоизи Россия ва қолган 5,5 фоизи бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.