Самарқандга Наполеон мебеллари қандай келиб қолган?
Тарих силсилалари натижасида бу мебеллар император тасарруфидан чиқиб, академик Беленков ихтиёрига ўтади. Анча йиллар академик хонадонига чирой бағишлаб турган мебеллар тўплами Беленковнинг вафотидан сўнг, унинг беваси томонидан сотувга қўйилади. Шунда экспедитор Арон Моисеевич Каплан 1946 йилда уларни 96 минг рублга сотиб олади ҳамда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги ўша даврда Энгельс номи билан аталган колхоз биносига келтириб қўяди. Мебеллар узоқ йиллар шу ерда сақланади.
Йиллар давомида кўплаб музей ходимлари пул эвазига уларни сотиб олмоқчи бўлди. Бироқ бундай чиройли ва ноёб нарсани сотиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади.
2006 йилга келибгина Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи олдидан Фотима Қосимова жамоа хўжалиги раиси Фарҳод Муталибов мебелни музейга совға сифатида топширди.
Мебеллар ўша даврга хос бўлган “миср ампири” услубида ишланган. Бу услубда Миср фиръавнларининг ҳайкалчалари, муҳаббат маъбудаси Амур ва карнатидалар (аёллар кўринишидаги устунчалар) билан безатилган.
Мебеллар музейга келганларнинг эътиборини ўзига тортади. Ҳар бир томошабин бу мебелларнинг тарихига қизиқади ва уларнинг безаклари ўзига ром этади. Музейларда сақланаётган ҳар бир буюм умумий халқимизга тегишли бўлиб, келажак авлодлар учун авайлаб асраб келинмоқда.
М.Ўринбоева,
Самарқанд вилояти Ўлкашунослик музейи бўлими мудири.