Самарқандлик тадбиркорларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади
Самарқанд шаҳрида тадбиркорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган ишбилармон аёллар ўртасида «Анор-2019» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар ишлаб чиқариш, фермерлик, аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича сараланди.
- Вилоятимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 30 фоизи, яъни 8 мингдан ортиғи хотин-қизлардан иборат, - дейди «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. – Ташкилотимиз томонидан тадбиркор аёлларнинг кредит олишига, янги-янги лойиҳаларни амалга оширишига, ўз бизнесини ривожлантиришига Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси билан ҳамкорликда ҳар томонлама амалий кўмак берилмоқда.
Танловнинг фермерлик йўналишида Нарпай туманидаги «Меҳнат-роҳат» фермер хўжалиги раҳбари Зайнаб Ҳайдарова, ишлаб чиқариш йўналишида ургутлик ҳунарманд Наргиза Азимова ва хизмат кўрсатиш йўналишида Пайариқдаги «Манзурабону» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Барно Тугановалар ғолибликни қўлга киритди.
- 35 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаман, - дейди фермер Зайнаб Ҳайдарова. – 2001 йилда 100 гектар майдонда фермер хўжалиги ташкил этиб, пахта, ғалла ва сабзавот маҳсулотлари етиштиряпмиз. Шу билан бирга чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик. Пахтанинг ҳам гектаридан 40-42 центнер, ғалладан 70 центнер ҳосил оляпмиз. Сувни, минерал ўғитни тежаш ва ҳосилдорликни кўпайтириш учун далаларни томчилатиб суғоришни жорий қилмоқчимиз.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.