Самарқандлик ветеринар олимлар Бухорода офатдан зарарланган чорвачилик хўжаликларини ўрганмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташаббуси билан олимлардан иборат жамоа Бухоро вилоятининг табиий офатдан зарар кўрган туманларидаги чорвачилик хўжаликларида бўлди.

Ветеринария илмий-текшириш институти директори Б.Элмуродов, кичик илмий ходими Н.Наврўзов, СамВМИ ветеринария профилактикаси ва даволаш факультети декани, ветеринария фанлари доктори Ҳ.Ниёзов жорий йилнинг 14-15 май кунлари давомида Олот, Қоракўл ва Жондор туманларининг чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари, чорвадорлар, фермерлар ҳамда чорвачилик ва ветеринария соҳаси мутахассислари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда соҳа бўйича табиий офат туфайли юзага келган муаммолар атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф этишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан маслаҳатлашилди.

Бухоролик мутасаддилар кўмагида апрель ойи мобайнида вилоятда кузатилган кучли шамол, тўфон ва сел келиши оқибатида ҳудуднинг чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларидаги аҳвол тўғрисида ахборотлар олинди.

Гуруҳ аъзолари Қоракўл, Жондор ва Олот туманларида қоракўл қўйлари ва қўзиларда профилактик чора-тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, қўра ва қўтонларнинг бугунги ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар беришди.

Ташриф якунида Олот, Қоракўл ва Жондор туманидаги мавжуд куйдирги ўчоқларидан олинган тупроқ намуналари олиб келинди. Ушбу намуналар илмий жиҳатдан текширилиб, вилоят туманларидаги эпизоотик ва экологик ҳолатлар аниқланади ва олинган хулосалар асосида керакли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

Шерқўзи АБДУЛЛАЕВ.