Самарқандликлар онахони Фароғат опа ҳақида сўз
Фароғат опани самарқандликлар ўзидан аввал овозини таниганлар. Илк фаолиятини радиода бошлаган Фароғат Шокирова ўша йиллардаёқ ёқимли овози, теран фикрлари билан самарқандликларнинг кўнглини забт этган эди.
Мутахассислиги бўйича филолог эмасми, қаерда бўлмасин сўзни чертиб, танлаб гапиради. Сўзи орқали одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишга уринади. Шунинг учунми, кейин маҳалла тизимида иш бошлаганида бу фазилати анча асқотди.
Оилаларни яраштириш дейсизми, ёшларга миллий қадриятларимизни сингдириш, ёш оилаларда ўзбекона анъаналарни шакллантириш каби қатор, бир қараганда бажариш имконсиз туюлган вазифаларни амалга оширишга жон жаҳди билан киришди. Атрофдагиларни ҳам шунчаки ишлашига йўл қўймайди. Узоқ йиллар давомида маҳалла тизимида асосан хотин-қизлар, оила масалалари билан ишлар экан, бу соҳанинг паст-баландини доим ҳис қилиб турар, яхши томонларини кўзлари ёниб, муаммоларни куюниб гапирганларига кўп гувоҳ бўлганман. Фароғат опа айни кунларда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келмоқда.
Опаанинг маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш”, “Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси” фаолиятини жонлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида вилоятда 2021 йилда 500 дан ортиқ оиланинг ажралиб кетишининг олди олинган.
Шунингдек, Фароғат опанинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш ва хотин-қизлар муаммолари мавзуидаги «Аёл ва оила», «Бир кам дунё», «Аёл ва жамият», «Қайноналар ўгити», «Мустаҳкам оила - жамият таянчи», «Соғлом бола - соғлом келажак», «Иқтидорли ёшлар мамлакат таянчи» туркумидаги кўрсатув ва радиоэшиттиришлар доимий бериб борилмоқда.
Ф.Шокирова маҳаллаларда миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳитини барқарорлаштириш борасидаги кўп йиллик хизматлари билан эл-юрт ҳурматини қозонган.
Фароғат опа 2016 йилда “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган. 2019 йилда “Мўътабар аёл”, 2020 йилда “Саховат ва кўмак”, 2021 йилда “Маҳалла ифтихори” ва “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
У 2021 йил давомида республика “Маҳалла-беш ташаббус бешиги”, “Адолатли қайнона”, “Ибратли оила”, “Китобхон оила”, “Нафосат” кўрик-танловларининг ҳудудий босқичларини тайёрлаш ва ўтказишда бош бўлган.
Шунингдек, ўз маҳалласининг фаолларидан бири сифатида, доимий равишда ёш оилалар билан иш олиб бориб, уларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш борасида маслаҳат ва кўмагини аямайди. Шу билан бирга маҳаллада ўтказиладиган барча тадбирларни юқори даражада ўтказиш, ҳашарлар ташкил қилишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Ибратли оила бекаси сифатида фарзандларини билимли, ҳунарли, халқига муносиб инсонлар этиб тарбияламоқда.