Самарқанднинг иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди: 4-ўсиш нуқтаси

“Бу йўналиш сифатида мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш белгиланди, - дейди Дилшод Шакарбоев. - Ҳозирда вилоятимизда мева-сабзавот маҳсулотларининг атиги 12 фоизи қайта ишланади”.

Ички истеъмол ва экспортдан ташқари вилоятда жами 1,8 миллион тонна  маҳсулот қолади. Аммо бугун қайта ишлаш корхоналарининг 52 фоиз ускунаси эскирган. Корхоналарга инновацион, энергия тежамкор ва дунё стандартига мос технологияларни жорий қилиш лозим бўлади. Шу боис, вилоятнинг 5 та туманида мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш бўйича 8 та кластер ташкил этилади. Умумий қиймати 134,9 миллиард сўмлик 11 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада, қўшимча 85,6 минг тонна маҳсулот қайта ишланади, 950 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, вилоятимизда 1600 дан ортиқ маданий мерос объекти бор. Сайёҳларнинг асосий қисми маданий мерос объектларини кўришга келади. Бироқ бор-йўғи 30 га яқин маданий мерос объекти туристик йўналишга киритилган.

Хорижий сайёҳларнинг вилоятимизда қолиш муддати ўртача 1,2 коэффициентни ташкил этади. Чунки жойлаштириш воситалари ва туристик объектлар сони етарли эмас.

Вилоятимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятларини инобатга олиб, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун қўшимча хизматлар йўлга қўйилади. 2021 йилда бир вақтнинг ўзида 18,6 минг кишига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Хусусан, Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғида этнотуризм, Нуробод, Пайариқ туманларида зиёрат ва экстремал, Ургут ва Қўшработ туманларида экотуризм ривожлантирилади.

Бунинг учун 2021-2022 йилларда қиймати 4,1 триллион сўмлик 367 та, шундан 105 та янги меҳмонхона, 200 та оилавий меҳмон уйи, 33 та дам олиш маскани, 3 та савдо-кўнгилочар марказ ва 26 та бошқа туризм йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилади. Натижада, туристик хизматларнинг соҳадаги улуши 1,5 баробарга ошади ва 8150 та янги иш ўрни яратилади.