СамДУ ўқитувчи ва талабалари минг тупдан зиёд манзарали дарахт ниҳоллари экди
Одатда, гўзал ва фусункор фасл ташрифи билан ҳамюртларимиз теварак-атрофни тозалаш, тартибга келтириш, манзарали, мевали дарахт кўчатлари, гуллар экиш ишларига уюшқоқлик билан киришади. Бундай эзгу ва хайрли ишни Самарқанд давлат университети жамоаси, зиёлилари, ишчи-хизматчилар биринчилардан бўлиб бошлаб берди.
- Университетнинг Конфуций майдони, унга туташ талабалар ётоқхонаси атрофида тозалаш, мевали ва манзарали ниҳоллар экиш, ободонлаштириш ишлари эрта тонгдан бошланди, - дейди университетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Алишер Эштоев. - Унда университет ишчи-хизматчилари, профессор-ўқитувчилар фаоллик кўрсатди.
Эзгу ташаббус университет хиёбони бўйлаб кенг қулоч ёзди. Физика ва кимё, биология, ўзбек ҳамда рус филологияси, география факультетларининг олд қисмидаги майдонлар бир қадар тартибга келтирилиб, керакли жойларга минг тубдан зиёд манзарали дарахт ниҳоллари, қаламчалари, анвойи гуллар экилди.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,
Александр ХАРИТОНОВ (фото).