СамДУ талабаларининг 10742 нафари ҳовлисида 5 тадан 20 тагача товуқ боқмоқда

COVID-19 вируси пандемияси туфайли бутун дунёда мисли кўрилмаган иқтисодий инқироз келиб чиқди ва бу таназзул жараёни ҳали яна бир неча ой давом этиши мумкин. Бу жараёндан талафотсиз чиқиш ва у туфайли юз бераётган иқтисодий инқирозларнинг олдини олиш борасида Президентимиз биринчи галда, мамлакатимиз аҳолисини энг зарур озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилди, тезкор бажариладиган кўрсатмалар берди. Ушбу ташаббуслар билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ҳамда қишлоқ хўжалик экинларидан мўл-кўл ҳосил етиштиришни таъминлашда томорқадан самарали фойдаланиш тадбирларининг бутун мамлакатимиз бўйлаб бошлаб юборилганлиги таҳсинга сазовор.

Дунёда қишлоқ хўжалик экинларидан мўл-кўл ҳосил етиштириш бўйича миришкор ота-боболаримизнинг олдига тушадиган деҳқону соҳибкорлар топилмаса керак. Негаки, минг йиллардан буён деҳқончиликнинг пирига айланган ота-боболаримиз табиатнинг ҳар қандай қийинчиликлари, инжиқликларига қарамасдан, нафақат кенг текисликлар, водийлардаги суғориладиган, унумдор тупроқли ерларда, шунингдек, тупроғи камунум тоғу тошларда, сув етишмас чўлу биёбонларда, қиру адирларда ҳам экин экиб, мўл ҳосил йиғиштириш ҳадисини олган. Ота-боболаримиздан мерос деҳқончиликнинг ривожини таъминлабгина қолмасдан, уни янада такомиллаштириб келаётган тажрибали боғбонларимиз, соҳибкорларимиз, деҳқонларимиз етиштираётган мевалар, қовун-тарвузлар, экологик тоза ва дармондориларга бой сабзавотлар дунё бозорида ўз харидорларига эга.

Бироқ ўтган даврларда томорқачилик, деҳқончилик борасида олиб борилган нотўғри сиёсат, уларга бўлган қусурли муносабатлар туфайли деҳқонларнинг бу соҳадан бир оз йироқлашишларига, томорқаларидан олинадиган ҳосилнинг пасайиб кетишига сабаб бўлди. Президентимизнинг деҳқончиликка, жумладан, томорқачиликка алоҳида эътибор берганлиги туфайли бу соҳанинг жуда тезлик билан ривожланишига яна катта имкониятлар яратилди.

Муҳтарам Президентимизнинг халқимизга мурожаатлари ва томорқачилик бўйича берган қимматли таклифларига жавобан Самарқанд  давлат университети ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари “Синовли кунларни масофадан ўқиб, самарали меҳнат билан енгамиз!” шиори остида ҳаракат қилиш ташаббуси билан чиқишди. Ташаббускорлар томонидан дастлаб университет талабалари билан уларнинг оилаларида ўз томорқаларидан фойдаланиш самарадорлиги қай даражадалигини ўрганиш мақсадида онлайн сўровнома ўтказилди.   Сўровномада иштирок этган 13452 нафар талаба ўзи яшаётган қишлоқ ҳудудларида ота-онасига қарашли томорқаларда турли қишлоқ хўжалик экинлари экиб, деҳқончилик билан шуғулланаётганликларини айтишган.

Жавоблар мазмунидан маълум бўлишича, талабаларнинг 10742 нафари (иштирокчиларнинг 77.6 фоизи) ўз ҳовлиларида 5 тадан 20 тагача товуқ боқишмоқда. Улар орасида қорамол ва ушоқ мол боқаётганлари ҳам бор. 6874 нафар талаба (70.7 фоиз) мавсум давомида оила томорқасидан 2 мартадан, 1324 нафари (12.9 фоиз) эса 3 мартадан ҳосил олишларини маълум қилган. 594 нафар талаба ҳовлидаги томорқада ҳеч қандай экин экилмаслигини билдиришган.

Ушбу кичик бир тадқиқот ёрдамида деҳқончилик маданиятида томорқачилик ва ундан фойдаланиш самарадорлиги таҳлилида юқори, ўртача, паст ва жуда паст бўлган ҳудудлар ҳам аниқланди. Ҳатто, йил давомида бир марта ҳам экин экилмайдиган, қақраб, бўш ётадиган томорқаларнинг мавжудлиги ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик.

Сўровнома ўтказилишидан асосий мақсад Президентимиз томонидан мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, оғир пандемия шароитида аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича олиб бораётган сиёсатининг моҳиятини оилаларга етказиш, қишлоқ жойларида бу топшириқ ва тавсияларнинг қай даражада амалга оширилаётганлиги, қишлоқ аҳлининг томорқадан фойдаланиш маданиятини ўрганиш ҳамда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан иборат эди.

Кутганимиздек, сўровномада иштирок этган 1134 нафар (10.8 фоиз) талаба ўзлари яшаётган ҳудудларда оилаларига тегишли томорқалардан унумли фойдалана олишларига монелик қиладиган муаммолар мавжудлигини ҳам очиқ-ойдин билдиришган. Чунончи, ҳудудларда томорқачиларга кўмаклашадиган сервес хизматининг, экинларни вақтида озиқлантириш учун минерал ўғитлар савдоси билан шуғуллунадиган дўконларнинг йўқлиги, экинларга ва ҳосилга зарар етказувчи касалликлар, зараркунандаларга қарши курашиш бўйича мутахассислар ва дорихоналарнинг йўқлиги ёки улар фаолиятининг самарасизлигини, зарур ҳолларда ва ҳосил пишиб етилганда тезкор техник ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқлиги, томорқага кредит ажратишдаги муаммо ва сансалорликларнинг ҳали ҳам барҳам топмаётганлиги, етиштирилган тайёр маҳсулотни тўғридан-тўғри ички ёки ташқи бозорга чиқариб сота олмасликлари, бунга бозорчи даллолларнинг, воситачи олибсотарларнинг халақит бериши (ҳозирги карантин давридаги баъзи зарурий чекловлар бундан мустасно), ерни суғориш учун табиий сувнинг танқислиги ва бошқа бир қатор сабаблар баён этилган.

Сўровнома материаллари атрофлича таҳлил этилгач, университет раҳбарияти, онлайн машғулотлар олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар масофали ўқитиш дастурларига томорқадан фойдаланиш билан боғлиқ илмий асосланган ва деҳқончилик тажрибасидан ўтган амалий тавсияларни киритишмоқда. Хусусан, йилнинг тўрт фаслида ҳам томорқага экин экишга оид қимматли тавсиялар берилиб, ерни оби-тобида тайёрлаш, плёнка остига эртаги бодринг, помидор, сабзи, тезпишар маккажўхори, полиз экинлари экиш, пиёз, турп, шолғом, ловия, мош, баҳорги сабзавотлар, хусусан, картошка, пиёз, кашнич, лавлаги, сабзи, петрушка, редиска, шовул, шивит сингари маҳсулотларни экиш муддатлари, ишлов бериш, озиқлантириш, суғориш технологиялари билан боғлиқ муҳим маълумотлар талабаларга ўргатилмоқда.

COVID-19 вируси пандемияси туфайли карантин эълон қилинган бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг қарийб йигирма мингга яқин талабалари, магистрантлари ота-онаси бағрида, бехавотир ҳовли-жойларида. Улар масофавий таҳсилдан бўш вақтларида ота-оналарига томорқа, рўзғор ишларида кўмаклашмоқдалар. Улар яхши ўқиш билан бир қаторда, томорқага сабзавотлар, резаворлар, полиз экинларини экиш ва улардан мўл ҳосил яратишни ўрганмоқдалар, ўқиган, билганларини бошқаларга ўргатмоқдалар.

Университет талабаларининг “Cиновли кунларни масофадан ўқиб,самарали меҳнат билан енгамиз!” шиори остидаги ташаббуси вилоятимиз талабалари, ўқувчи-ёшлари томонидан мамнуният билан қўллаб-қувватланди. Негаки, ташаббускор талабаларимиз томонидан мамлакатимиз деҳқонларига кўрсатиладиган бундай ўринли кўмак туфайли томорқаларга икки-уч маротаба қишлоқ хўжалик экинлари экилса, уларга ўз вақтида агротехник ишловлар ўтказилса, суви, озуқаси белгиланган муддатларда берилса, кўзланган мақсадга эришиб, қишлоқ хўжалик экинларидан нафақат ўз эҳтиёжларимизга яраша, ҳатто дунё бозорига чиқариш учун ҳам катта ҳосил йиғиштиришимиз мумкин.

Талабаларимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаган университет профессорлари Ш.Холиқулов ва М.Абдураҳимовлар тезкорлик билан талабалар ва уларнинг ота-оналарига қўл келадиган “Томорқа бўйича тавсиялар” номли мўъжазгина рисола яратиб, унинг электрон нусхаларини университетнинг барча талабаларига етказишди.

Университет нашриёт-матбаа маркази томонидан нашр этилган ушбу рисоланинг яна бир қимматли томони шундаки, у орқали вилоятимиз аҳли ўз томорқаларидан йил давомида қандай самарали фойдаланиш, қайси сабзавотни қачон экиш, қачон суғориш, қачон ва қандай, қанақа минераллар билан озиқлантириш, мева ва сабзавотларнинг касалликлари ва зараркунандаларига қарши қандай курашиш, уларга қарши қандай препаратларни қачон ва қанча миқдорда ишлатиш, етиштирилган ҳосилни қандай ва қай тарзда йиғиштириб олиш, оралиқ экинлар, улардан кўчатлар тайёрлаш, уларни экиш вақтлари ва бошқалар ҳақидаги жуда муҳим маълумотларни билиб оладилар.  Шунингдек, рисолада тоғлик, қир-адирлар, чўл ва тесликлардан иборат Самарқанд вилояти туманларининг иқлим ва ер шароити, тупроқ тузилиши, шамол ва қуёш нурларининг таъсири, сув таъминотига қараб қайси экин турларини танлаш, экиш ва улардан мўл ҳосил олиш бўйича ҳам қимматли маслаҳатлар қамраб олинган.

Бутун диққат-эътибор инсоният ҳаётига даҳшатли хавф солиб, дунё бўйлаб авж олаётган юқумли COVID-19 вируси эпидемиясини бирдамлик ва баҳамжиҳатлик билан енгиб ўтишимиз учун мамлакатимиз раҳбарияти томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилиб, шарт-шароитлар яратилди.

Самарқанд давлат университети талабаларининг барча ҳудудларда томорқачиликни тубдан ривожлантириш ва томорқалардан самарали фойдаланишда ота-оналарига яқиндан кўмаклашиш борасидаги “Синовли кунларни масофадан ўқиб, самарали меҳнат билан енгамиз!” шиори остида ҳаракат қилиш ташаббуси мамлакатимиз аҳли, билагидан куч ёғилиб турган талабалари, ўқувчи-ёшлари томонидан якдиллик билан маъқулланиб, қўллаб-қувватланишига, бу ташаббуснинг бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйишига, амалий ишларга айланиб кетишига, шубҳа йўқ.

М.БОЛТАЕВ,

СамДУ доценти.

Ҳ.ТЎХТАЕВ,

СамДУ ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси.