СамИСИда онлайн конференция ўтказилди
Кеча Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқларида бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудитнинг долзарб муаммолари” мавзусида онлайн республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда рақамли иқтисодиёт шароитида хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқларида бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудитнинг назарий ва методологик муаммолари муҳокама этилди. Унда Тошкент, Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва бошқа вилоятлардан иштирокчилар ўз материаллари билан қатнашди.
Онлайн конференция ZOOM дастури орқали ўтказилиб, унда 50 га яқин илмий тадқиқотчилар фаол қатнашди. 100 дан ортиқ мақолалар конференция тўпламига чиқариш учун тавсия этилди.
Конференцияни институт ректори Муҳиддин Пўлатов очиб берди. Молия Вазирлигининг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси» бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Ҳайдаров, институт профессори К.Уразов, профессор М.Пардаев каби таниқли олимлар ўз илмий ишлари билан маъруза қилди.
Шоҳруҳ ЖАЛИЛОВ.