Самолётни еб қўйган одам
У осонликча металл, шиша, ёғоч билан овқатланарди ва кунларнинг бирида самолётни еб қўйди. Мишель Лотитонинг ажойиб қиссаси, ҳақиқатми ёки фантастика?
Бу ҳикоя том маънода ҳамма нарсани истеъмол қила оладиган одам ҳақида. Албатта, у оддий овқат билан ҳам озиқланарди, лекин омма олдида чиқиш қилганда, бамайлихотир металл, шиша ва ёғочни истеъмол қилган. Бир куни у бутун бир енгил самолётни ейишга қарор қилди ва буни икки йил ичида амалга оширди.
Мишель Лотито 1950 йил 15 июнда Франциянинг Гренобль шаҳрида туғилган. У бошқа болалар каби улғайди, бироқ 9 ёшлигида шиша стаканни еб қўйиб барча тенгдошларини лол қолдирди. Ноорганик нарсаларни истеъмол қилиш жараёнини ёқтирган болакай шиша бутилкаларни ея бошлади. Масала шиша “маҳсулотлари”ни ейиш билан чекланиб қолмади: тез орада Мишель металлни татиб кўрди.
Ярмаркалардан бирида Лотито велосипедни еб томоша кўрсатди, фақат велосипед занжири унинг томоғига енгил шикаст етказди. Бундай чиқишлар оммага маъқул келишини англаб, у томошаларни бошлашга қарор қилди. 16 ёшида Мишель омма олдида фаол иштирок этиб, олдида турган барча нарсаларни еб битирди. Ўша куни Лотито телевизор, темир каравот, велосипедни еди ва дисерт сифатида томошани ўзининг севимли "таом"и, бўлиб қолган стакан билан тугатди.
Мишель Лотито ҳеч қачон соғлиғидан шикоят қилмади, бу ҳайратланарли, лекин унинг еганлари ҳеч қачон унинг ошқозонига ноқулайлик туғдирмаган. Шифокорлар кўригидан ўтказилар экан, улар Мишелнинг соғлом эканлигини айтишди. Эркакнинг ошқозон деворлари бошқа одамларникидан икки баравар қалин эканлиги аниқланди. Унинг танаси том маънода бундай "овқат"га мослашган экан. Кунларнинг бирида Мишель имкони йўқ ишни қилишга - бус-бутун самолётни ейишга қарор қилди.
Истеъмол учун танланган “Cессна 150” енгил самолёти қисмларга ажратилиб, майда бўлакларга бўлинди. Лотито уни икки йил давомида еб тугатишга муваффақ бўлди ва шу орқали бутун дунёда танилди. У “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. Мутахассислар ҳисоб-китоблари бутун давр мобайнида рекордчи 9 тоннага яқин ноорганик нарсаларни истеъмол қилганини аниқлади. Бу ҳар куни 900 граммгача ноорганик маҳсулотлар истеъмол қилгани билан тенг.
Бутун умри давомида Мишель 18 та велосипед, 7 та телевизор, 15 та супермаркет араваси, бир жуфт чанғи, “Cессна 150” самолёти, стаканлар, компьютер ва ҳатто тобутни еб тугатди.
Рекордчи 2007 йил 25 июнда 58 ёшида вафот этди. Эркакнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган, Мишелнинг овқат ҳазм қилиш тизими уни ҳеч қачон безовта қилмаган. Лотитонинг ўлимидан 17 йил ўтди, бироқ унинг рекордларини ҳали ҳеч ким янгилагани йўқ.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.