Санаторийга имтиёзли йўлланмани кимлар олиши мумкин?

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида санаторийга бепул йўлланма олувчи шахсларнинг тоифалари қуйидагича:

Бир йилда бир маротаба навбат асосида
* Урушда ногиронликни орттирган шахсларга тенглаштирилган фуқаролар;
* Республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
* Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган, шунингдек, Чернобил АЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
* Ядро палигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
* Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга.

Икки йилда бир маротаба навбат асосида
* Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
* Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинларига (бева эрларига);
* I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бор шахсни кузатиб борувчи фуқарога.

Уч йилда бир маротаба навбат асосида
* Ёшга доир пенсия олувчиларга.

Маълумот учун, Республика бўйлаб Агентлик тасарруфидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийларнинг бир вақтдаги қабул қуввати - 1722 нафар, йиллик қуввати - 51660 нафарни ташкил этади.

Санаторийга йўлланма неча кунга берилади?
Санатория йўлланмалари 12 кунлик соғломлаштириш хизматларидан фойдаланиш учун берилади. Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади.
- Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, кечикиб келинган кунлар тикланмайди.
- Санаторий йўлланмасидан фақат унда кўрсатилган шахс фойдаланиши мумкин.

Санаторийга йўлланма олиш учун имтиёзли тоифага кирувчи шахслар қуйидаги идораларга мурожаат қилишлари мумкин:
* Давлат хизматлари марказига;
* Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан шахсий кабинет орқали my.gov.uz га;
* “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига.
Мурожаатчининг имтиёзли тоифаси устуворлиги бўйича автоматик танланади. Мурожаатчининг танлаган санаторийси ва тоифасига навбатга қўйилади.

Санаторийга навбати келган мурожатчиларни хабардор қилиш
* Мурожаатчининг ЯИДХП ва ЯМИҲ даги шахсий кабинетига хабарнома юборилади;
* Телефон рақамига СМС-хабарнома юборилади;
* “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фуқаро билан боғланади;
* Ижтимоий ходимлар мурожаатчининг уйига борган ҳолда хабар беради.

Бобур ЖАМОЛОВ,
Каттақўрғон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассиси.