Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган россияликлар қўлга олинди

Ташқи ишлар вазирлиги Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқароси калтакланиши бўйича ОАВларда тарқалган маълумот юзасидан баёнот берди.

“Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 2019-йилнинг 18 июль куни мазкур шаҳарнинг Фрунзе туманида Ўзбекистон фуқароси М.К.нинг номаълум шахслар томонидан калтакланиб, пул ва қимматбаҳо буюмлари олиб қўйилгани тўғрисидаги ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Олинган маълумотларга кўра мазкур жиноятни содир қилишда гумон қилинаётган 3 нафар Россия фуқароси қўлга олинган. Жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда”, - дейилган хабарда.

Бош консулхона ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан алоқа ўрнатган ва вазиятни назоратга олган.