Саноат салоҳияти самаралари ошаётган ҳажм, яратилаётган иш ўрнида акс этади

Ўтган йил вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулоти 8 фоизга ўсиб, 121,5 триллион сўмга етказилди. Ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан 4,5 фоизга, камбағаллик даражаси 7,7 фоиздан 6,1 фоизга туширилди.

Жами 2,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, қиймати 490 миллион долларлик 18 та йирик ва муҳим лойиҳалар ишга туширилди. Яна бир муҳим томони, 1342 та янги иш ўрни яратилди.

Ўтган йилда 75 та давлатга 1 миллиард долларлик (ўсиш 128 фоиз) 196 турдаги маҳсулот экспорт қилинди. Маҳсулотларимиз илк маротаба Въетнам, Миср, Марокаш, Эквадор, Аргентина ва Чили каби давлатларга кириб борди.

Албатта, жорий йилда вилоят иқтисодиётини янада барқарорлаштириш бўйича катта марра олганмиз. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,2 фоизга ўсиши таъминланади.

Биргина саноат ҳажмини 108,6 фоизга ўсишини таъминлаш учун йирик, ўрта ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш орқали қўшимча ҳажм яратамиз. Хусусан, 2026-2027-йилларда қиймати 24,3 триллион сўмлик 116 та, саноат лойиҳаларини ишга тушириб, 16 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ҳудудларнинг солиштирма устунлигидан келиб чиқиб, 1,4 триллион сўмлик 90 та йирик ва ўрта драйвер лойиҳалар ишга туширилади.

Мисол учун, Булунғур туманида “Yangi Osiyo Xalqaro Biofarmasevtika” хорижий корхонаси томонидан қиймати 100 миллион долларлик тиббий биопрепаратлар ишлаб чиқариш лойиҳасида 200 миллиард сўмлик ҳажм ҳамда 300 та иш ўрни яратилади.

Самарқанд шаҳридаги "PRIME CERAMICS" масъулияти чекланган жамияти томонидан 4,18 миллион квадрат метр янги турдаги керамик плиталар ишлаб чиқариш ҳисобидан 350 миллиард сўмлик қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, сояда турган 750 та ҳажмини кам кўрсатган ёки ҳажм кўрсатмаган корхоналар билан ишлаб, қўшимча 2 триллион сўм ҳажм оламиз.

Мисол учун, Ургутдаги “Plus Carpet” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси 518 минг.кВт электр энергияси истеъмол қилиб, ҳисоботларда ҳажм кўрсатмаган. Ушбу корхонани соядан чиқариш орқали 18 миллиард сўмлик ҳажм яратилади.

Каттақўрғон туманида “Бурқут Прогрес” масъулияти чекланган жамияти полетелин қоп ишлаб чиқаради. Корхонанинг асосий йўналиши савдо бўлганлиги сабабли ишлаб чиқаришда ҳажм кўрсатмаган. Ушбу корхонани соядан чиқариш ҳисобига қўшимча 15 миллиард сўмлик ҳажм пайдо бўлади.

2025-йил якуни билан 74 та йирик ва 724 та кичик корхоналарнинг статиктика ҳисоботлари таҳлил қилинганда, 12 таси “0” ҳажм топширган ва 51 таси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган. Ўрганиш давомида 35 тасида маҳсулот реализatsiяси, 21 тасида электр таъминотида муаммолар ва 4 тасида айланма маблағга эҳтиёжи борлиги аниқланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, биргина январь ойида 147 та корхонадаги 158 та муаммоли масала ҳал этилди. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “Samarqand- England Eco-Medical” қўшма корхонаси томонидан янги турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича 8,5 миллион доллар кредит олиш масаласи ижобий ечим топди.

Жорий йилда саноат зоналарида қиймати 87 миллион долларлик 12 та янги лойиҳани ишга тушириш ҳисобига қўшимча 1 триллион сўмлик ҳажм яратилади.

Мисол учун, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги “Сазағон” массивида “Platinum Metal Industry” қўшма корхонаси томонидан 13 миллион долларлик арматура ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий йилнинг 3-чорагида ишга туширилади. Бу ерда йилига 95 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ҳамда 80 та янги иш ўрни очилади.

Бундан ташқари, саноат зонасининг бўш турган 208 гектар ер майдонларга озиқ-овқат, фармацевтика, электротехника ва бошқа саноат тармоқларида қиймати 793 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳалари жойлаштирилади.

“Ургут” ЭИЗнинг Жомбой туманидаги “Назар” массивида бугунги кунда бўш турган 4,5 гектар ер майдонида қиймати 7,5 млн долларлик 3 та лойиҳа жойлаштириляпти.

Масалан, “ECO GARDENS FRUTT” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2,8 гектар ер майдонида 5 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини шок усулда музлатиш, саралаш, қадоқлаш лойиҳаси жойлаштирилди. 50 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратиладиган лойиҳа 3-4 миллион долларлик қўшимча экспорт имконини беради.

Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон ва Пайариқ туманлари “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақомини олган. Жорий йилда ушбу туманларда “микросаноат марказини” ташкил этиш ҳисобига қўшимча 150 миллиард сўмлик ҳажм яратилади.

Масалан, Каттақўрғон тумани Қўштепа маҳалласида ташкил этилган микросаноат марказига хонадонларда ишлаётган 10 дан ортиқ кичик цехларини жойлаштириш ҳисобига йилига 35 миллиард сўмлик юзага келади.

Бундан ташқари, Ургут туманининг Гулобод ва Хўжабаланд маҳаллаларидаги 40 га яқин хонадонда 200 нафарга яқин уста темирчилик билан шуғулланиб, “Почвон печка” номи билан машҳур бўлган печ ишлаб чиқармоқда. Маҳсулот Қозоғистон, Тожикистон ҳамда республика бўйлаб барча вилоятларга етказиб берилмоқда.

Лекин ушбу тадбиркорлар билан учрашганимизда ишлаб чиқараётган маҳсулотига талаб ортиб бораётганлиги сабабли хонадонида жой етмаётганлиги, агар ишлаб чиқариш учун шу маҳалладан жой ажратиб берилса бир жойда ишлаб чиқаришни давоб эттиришни, ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини оширишни билдирди.

Гулобод маҳалласида қурилиш материаллари бозори олдида фермер хўжалигига тегишли 2 гектар ер майдонида эски типдаги токзор бор, даромади ҳам жуда паст. Қурилиш материаллари бозори билан туташ ҳудудда жойлашган ушбу ер тоифасини ўзгартириб тадбиркорларга микросаноат зонасини ташкил қилиб беришни режалаштиряпмиз. Бу иш амалга ошса, 50 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилади, қўшимча 100 млрд. сўмлик махсулот ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади.

Дарвоқе, Ургут, Нуробод, Қўшработ, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳар ҳудудида фойдаланилмаётган 3,2 миллион тонна каолин, 18 миллион тонна оҳактош, 196 миллион метр куб табиий пардозбоп тошлар, 108 миллион тонна гипс ва ангидрид, 1,3 миллион тонна дала шпати, 10 миллион тонна шиша хомашёси, 752 миллион тонна цемент ва бошқа норуда фойдали захиралари мавжуд.

Ушбу захираларини қайта ишлаш ва экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, Каттақўрғон шаҳрида  "Red persimmon" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 80 миллион долларлик "Ингичка" вольфрам конини ўзлаштириш лойиҳасига 10 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилади.

Қўшработ туманида "Si tong stone" хорижий корхонаси томонидан қиймати 40 миллион долларлик гранит тошини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси доирасида 25 миллион доллар сармоя кириб келяпти.

Нуробод туманида “Cemix” корхонаси томонидан қиймати 115 миллион долларлик қуруқ қоришма, микрокальцит ва йирик форматли керамогранит ишлаб чиқариш лойиҳасига 10 миллион доллар нвестиция ўзлаштирмоқда.

Лекин яна 37 та норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан (пардозбоп тош, гипс ва бошқалар) самарали фойдаланиш имконияти мавжуд. Бунинг учун Геология вазирлиги томонидан ушбу участкаларини аукцион савдоларига чиқаришда амалий ёрдам берилса, норуда фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш асосида қўшимча қиймат яратилиб, экспортбоп янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Шу ўринда қайд этиш лозим, сўнгги 8 йилда хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар натижасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 3,5 баробарга ўсди. Биргина 2025 йил якуни билан 78 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 15,9 фоизга ўсиши таъминланди.

Бунда асосий ўсишга туртки берган молия (7,1 баробар), алоқа, яшаш ва овқатланиш (3,6 баробардан), соғлиқни сақлаш (3,1 баробар) каби хизматларда юқори ўсиш таъминланди.

Жорий йилда соҳада қиймати 11 триллион сўмлик 461 та йирик лойиҳани ишга тушириб, қўшимча 700 миллиард сўмлик ҳажм яратамиз.

Масалан, Нарпай туманида “Orien HUB” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 62 миллиард сўм бўлган логистика маркази ишга туширилади. Ушбу марказда 100 та янги иш ўринни ва қўшимча 2,1 миллиард сўмлик ҳажм яратилади.

Шунингдек, маҳаллаларда 15 мингта зарурий хизмат шахобчалари ташкил этиш ҳисобига қўшимча 500 миллиард сўм ҳажм пайдо бўлади. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ўтган йил 580 та маҳаллада 5,2 мингта хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиб, қўшимча 110 миллиард сўм ҳажм олинган.

Бундан ташқари, ҳудудларда 16 та йирик замонавий савдо мажмуалари ишга туширилади.

Мисол учун, Самарқанд шаҳри “Хўжа соат” маҳалласида "Imhotep Stroy" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 250 миллиард сўмлик савдо мажмуаси фойдаланишга топширилади. Лойиҳада 400 та янги иш ўринлари ва 5 миллиард сўмлик хизматлар ҳажми яратилиши кўзда тутилган.

Шаҳар ва туманларда 16 та 24/7 режимида ишлайдиган кўчалар, 19 та йўл бўйи, 6 та соҳил бўйи ва 8 та туризм лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 494 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 500 миллиард сўм қўшимча ҳажм яратилади.

Бугунги кунда вилоят ҳокимлиги қошида “Дарё ва каналлар бўйи инфратузилмасини ривожлантириш дирекцияси” ташкил этилиб, каналлар бўйини ободонлаштириш орқали аҳоли ва туристлар учун қулай масканга айлантириш ишлари бошланган.

Ёқубжон Марқаев тайёрлади.