Сартепага истироҳат боғи керак!
Бир неча йил олдин худди шу мавзуда мақола ёзгандим. Ҳеч қанақа эътибор, натижа бўлмади. Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, яна шу мавзуга қайтишни маъқул кўрдим.
Хитой сафарида бўлганимизда кўп ажойиботларни кўрганмиз. Кўп нарсадан ибрат олганмиз. Бир куни тонгда панжара билан ўралган истироҳат боғига кирдик. Дарвозадан киришда асфальтланган кенг майдон бор экан. Бу ерда 40-50 нафар чол-кампир, ўрта ёш эркак-аёллар бор, улар чиройли сафга туриб олишган. Карнайдан шўх мусиқа янграяпти. Йиғилганлар бир хил тарзда муайян бир чиройли рақсга тушяпти. Олдинда бир ўргатувчи аёл ўйнаяпти. Лекин рақс ҳаракатлари ёд бўлиб кетган шекилли, ҳамма бир хил, синхрон тарзда рақсга тушяпти. Рақсда жисмоний тарбия элементлари кўплигига эътибор бердим. Демак, ҳам кайфиятни кўтаради, ҳам физкультура қилдиради. Ажойиб манзара. Худди бир рақс ансамблидек ҳаракатланишарди. Юз-кўзига эътибор берсам, бировнинг биров билан иши йўқ, ҳаммаси ўз-ўзича ўйнаяпти. Лекин мусиқа оҳанги билан ҳамманинг рақси аниқ-тиниқ бир хил чиқяпти.
Боғда баланд дарахтлар кўм-кўк бўлиб яшнаб турибди. Улар орасидан турли томонларга йўлаклар кетган. Ана шу йўлакларда тумонат одам сайр қилиб юрибди. Боғ жуда катта, одам ҳам шунга яраша. Турли ёшдаги, турли миллатли одамлар якка, жуфт, тўда-тўда бўлиб эрталабки жисмоний тарбия тарзида сайр қилиб юришибди. Биров-бировга халақит берган эмас, ҳамма яхши кайфиятда. Қўл ушлашиб оҳиста юрган келин-куёвлар, спортча тез юриш қилиб кетаётган одамлар, ўйинчоқларини судраб юрган болакайлар, кўкаламзорда ўйнаётган қизчалар... эҳҳе...
Йўлаклар бўйлаб ҳар-ҳар жойда машқ қилиш учун тренажёрлар ўрнатилган. У йўлакдан сал четда, ўтаётганларга халақит бермайди. Бемалол машқ қилаверасиз. Бироз юрсангиз навбатдагиси чиқади, яна машқ қиласиз. Қурилмалар турли-туман бўлиб, тананинг ҳамма аъзолари машқ қилиши эътиборга олинган, бирови оёқ учун, бирови қўлни, бошқаси елкани, бирови белни машқ қилдиради. Боғ шунчалик катта ва кенгки, сайр қилувчилар ҳам, машқ қилаётганлар ҳам бир-бирига умуман халақит бермайди. Йўлак четидаги машқ қурилмалари ҳам бир-биридан анча узоқ масофада ўрнатилганки, бировида машқ қилсангиз, иккинчисига етгунча дам оласиз...
Кўпчилик билан машқ қиламан десангиз, боғнинг ўртасидаги майдончада ҳам барча турлардан бир-иккитадан ўрнатилган. Тренажёрлар оммабоп бўлгани учун қалин темирлардан, жуда бақувват қилиб қурилган. Ҳам очиқ ҳавода туради, ҳам узоқ муддат хизмат қилади. Боғнинг бир томони катта очиқ майдон бўлиб, бу ерда турли ҳажмдаги стадионлар жойлаштирилган. Бир гуруҳ ёшлар қий-чув қилиб футбол, бир гуруҳи волейбол ўйнаяпти. Қизлар бадминтон ўйини билан машғул. Уч-тўртта болакай бир четда бир-бирига тўп тепаяпти.
Истироҳат боғида бир соатдан кўпроқ айландик, телефонимни олиб келмаган эканман, суратга туширолмадим. Боғнинг кун ботиш томонида йўлаклар ораларига сув ҳавзалари жойлаштирилган ёки сувлик оралаб йўлак қилинган. Бу ҳудуд жудаям тинч, сув ёқалаб, сокинликда сайр қилувчилар учун экан.
Очиғи, шаҳар халқининг бу даражада ҳаракатчанлиги, жисмоний тарбияга эътибори таҳсинга лойиқ. Ундан ҳам бир қарич ер фалон пул турадиган Хитойда истироҳат боғига шунчалик катта майдон ажратилгани, шунча шароитлар яратилгани мени ҳайратга солди.
Москвадай катта ва қиммат шаҳарда ҳам ҳар бир ҳудуднинг ўз истироҳат боғлари бор. Ҳатто шаҳар ўртасида ҳам бир неча ўн гектарлаб ўрмонлар атрофи иҳоталаниб, табиий ҳолда сақлаб қолинган. Ҳеч ким бу ерга ҳар томондан дўкончалар қуриб, суқилиб кирмайди.
Афсуски, биз бу масалада мақтанолмаймиз. Самарқанд шаҳрида истироҳат боғи жуда кам. Бори ҳам кундузи кўринадиган тўрт-бешта талабани айтмаса, ҳувиллаб ётибди. Тонгги Самарқандни айланиб кўринг, неча фоиз аҳоли спорт билан, ҳеч бўлмаса тонгги сайр билан машғул?
Стадионларда беш-ўнтадан одам, кўчаларда яккам-дуккам югуриб юрганлар бармоқ билан санарли. Лекин шаҳримизда рўйхатда бор-йўқларни қўшганда салкам ярим миллион нафардан зиёд одам яшайди!
Чунки, биринчидан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилолмаяпмиз, иккинчидан, шароит йўқ. Бир кўз олдимизга келтирайлик-чи, қаерда дам олиш ва спорт уйғунлаштирилган истироҳат боғи бор?
Шаҳримиз марказидаги катта истироҳат боғидан фақат кундузи йўл-йўлакай ўтамиз. Ҳеч ким атайлаб шу боққа дам оламан, деб бормаса керак, чунки ўриндиқлардан бошқа қизиқтирадиган нарса йўқ. Темирйўл вокзали яқинидаги истироҳат боғи болаларнинг севимли маскани, аттракционлар билан тўлиб-тошган. Бу ерда ҳам аҳолининг эрталаб сайр қилиши, спорт билан шуғулланиши учун шароит йўқ. Сўғдиёна парки ҳам жуда мақтагулик эмас, бунинг устига бўлиниб-бўлиниб кетди. “Ватанпарвар” боғида катта истироҳат боғи қурилаётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Собиқ ҳарбий госпиталь ҳудуди ҳам истироҳат боғи бўлаётган экан, таҳсинга лойиқ.
Келинг, шу аҳолининг дам олиш ва спорт билан шуғулланиши учун мавжуд имкониятларни Самарқанд шаҳар Сартепа маскани мисолида таҳлил қилиб кўрайлик.

Бир неча йил олдин Сартепа бозорчаси яқинида мўъжазгина истироҳат боғи бор эди, аста-секин гавжумлашиб бораётганди. Икки-учта аттракционлар қурилди, музқаймоқ, салқин ичимликлар, турли ўйинчоқ сотувчи дўкончалар пайдо бўлди. Кўчма цирклар, дорбозлар ҳам шу ерга жойлашиб томоша кўрсатарди. Одамлар кечқурунлари болаларини етаклаб келарди, бу ер гавжум, ҳамма учун қизиқарли масканга айланарди.
Трамвай йўли қурилиши билан шу боғнинг бир қисми темирйўлга берилди, қолгани эгали бўлиб кетди. Бир йиғилишда шаҳар ҳокимига “Сартепа жуда кўп аҳоли яшайдиган маскан. Яна кундан-кун янги хонадонлар қурилиб, аҳоли сони кескин ошиб боряпти. Лекин истироҳат боғи йўқ. Кичик истироҳат боғи бор эди, бузилиб кетди, энди бирор жойда қуриладими?”, деб савол берганимда “Сартепа масканида истироҳат боғи бўлган эмас, қурилиши ҳам ҳали режада йўқ. Сиз айтган жой истироҳат боғи эмас, шунчаки кичик боғ эди” деб жавоб берди. Демак, шаҳарнинг энг кўп аҳолиси яшаётган бу масканда истироҳат боғи йўқ, яқин йиллардаги режада ҳам кўзда тутилмаган экан.
“Дом”ларнинг олдидаги кичиккина ўйин майдончаларини айтмаса болалар дам олиши, ўйнаб юриши учун умуман шароит йўқ. Бу майдончалар ҳам автомашиналарга тўлиб кетади. Автомашинани ҳам қаергадир қўйиш керак-ку. Махсус жойлар, қаватли гаражлар бўлмаса. Қолаверса, айни пайтда қурилаётган, замонавий ва барча талабларга жавоб беради, дея таърифланаётган янги кўп қаватли уйларнинг олдида болалар майдончаси қурилмаяпти ҳам.
Сартепа масканида бешта замонавий минифутбол майдончаси бор, лекин ҳаммаси тадбиркорларга тегишли, пуллик. Катта спорт мажмуаси бор, шунинг югуриш йўлагида айланиб юриш мумкин, холос. Футбол майдонига, чимли ҳудудга қадам боссангиз қоровул бақир-чақир қилиб, қувиб қолади. Бу албатта, эрталабдан асабингизга тегади. Бир неча болалар эрталаб тўп билан келишади, қоровул уларни майдонга яқинлаштирмайди. Бир неча марта қоровул билан тортишиб қолдик, бефойда. Бир баджаҳл, бадқовоқ одамни ишга олишганки, унга гапириш бефойда. Бир куни велосипед миниб юрган қизалоқ чимни босганини кўриб шунақа тўполон қилдики, қизчага шунақа қўпол бақирдики... Энди у қиз нафақат бу стадионга, балки умуман спортга яқинлашмаса керак.
Савол туғилади? Бу стадион нима учун ва кимлар учун қурилган? Хўп, спортчи болалар машқ қилиши учундир. Лекин тонгда келган ҳудуд аҳолиси, айниқса болаларга ҳам рухсат берилса, чимлари “ейилиб” кетадими? Улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз-ку. Тўда-тўда болалар, ўсмирлар келади, бир-икки марта югуриш йўлагида айланади, кейин тўпни қўлтиқлаб гурунг қилиб ўтиришади ва ноилож кетишади. Шу ҳолда уларни спортга қизиқтириб бўладими?
Умуман олганда, Сартепа масканида аҳолининг спорт билан шуғулланишга, эрталабки бадантарбия қилиш учун жой ҳам, шароит ҳам йўқ. Тўғри, спорт йўлаклари қурилди. Бунинг учун раҳмат.
Сартепа масканининг жануб (илгариги 10-меҳрибонлик уйи) томонида катта-катта бўш майдонлар бор эди. Ана шу ерларда яхшигина истироҳат боғи қуриш мумкин эди. Афсус, улар ҳам “эгали” бўлиб кетди, кимларгадир бериб юборилди.
Ҳали ҳам кеч эмас, 10-меҳрибонлик уйининг стадиони жойлашган сойлик бор. Бу ер қачонлардир сой ўзани бўлган. Ҳозир икки томони ҳам ёпилиб кетган. Катта-кичик тепаликларнинг тупроғи ҳам ғишт қилиб сотиб юборилди. Бу ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, аҳоли томонидан ноқонуний эгаллаб, ер очиб олинган катта майдон, сайхонлик. Бу ерни ҳам тўрт томондан аста-секин эгаллаб келишяпти. Шу жойда яхшигина истироҳат боғи қуриш мумкин. Лекин уни ҳам бировга сотиб юборишмаган бўлса? Ёки энди сотишмаса?
Ҳар куни соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар бериляпти. Хўп, шунга амал қилиб Сартепа масканининг дейлик бор-йўғи 10 фоиз аҳолиси тонгги сайрга, бадантарбияга чиқса қаерга боради, қаерга сиғади? Кечки оилавий дам олиш учун қаерга боришсин?
Вилоят ҳокимининг сайёр қабулларида ҳам ҳеч ким шу масалани кўтармади. Ҳар ким ўзининг маиший дарди билан овора. Шаҳарнинг умумий муаммоларини ҳам ўйлаш вақти келмадимикан?!
Садриддин Набиев.