Қурилиш ташкилотлари раҳбарлари огоҳлантирилди
21 сентябрь куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида “Сартепадаги уйларнинг таъмири нега охирига етказилмаган?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.
Мазкур мақолага Самарқанд вилоят ҳокимлиги қошидаги инжиниринг компанияси бўлим бошлиғи Комил Ҳамидов қуйидагича муносабат билдирди:
Сартепа ҳудудидаги Шерозий маҳалласида жойлашган 22, 23 ва 158-уйларнинг таъмирига масъул бўлган “Срож пласт” МЧЖ, “Янгиқўрғон Дилшодбек” ХК, “Алишер ТУР” МЧЖ раҳбарлари огоҳлантирилди. Қурилиш ишларини якунлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, объектларни тез кунларда фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шерозий маҳалласидаги 22-уйнинг том қисмини ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари тугатилди.
Шунингдек, “Боғи Темур” ҳамда “Юнусобод коммунал Ситора сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли уйлардаги таъмирлаш ишлари ҳам юқоридаги қурилиш корхоналари томонидан амалга оширилганлиги учун раҳбарларига йўл қўйилган камчиликлар тушунтирилиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.