Сартепадаги уйларнинг таъмири нега охирига етказилмаган?
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари билан танишиш мақсадида Сартепа масканида бўлдик.
Гувоҳ бўлдикки, ҳудуддаги “Боғи Темур” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 174-уйнинг том қисми чиқиндилардан тозаланаётган экан.
– Ширкатимиз 10 та уйга хизмат кўрсатади, – дейди ширкат раиси Ғафур Аҳмедов. – “Срож пласт” МЧЖ томонидан 7 та уй сифатсиз таъмирлангани учун қабул қилганимиз йўқ. Бир неча бор айтишимизга қарамасдан, ишлар чала ҳолатда қолиб кетмоқда. Хусусан, 185-уйнинг томига тунука ёпилиши керак бўлган жой очиқ қолган. 170, 174-уйларнинг ертўла қисмига ёритиш чироқлари ўрнатилмади, электр кабеллари алмаштирилмади. Болохона айвони (балкон) қисмлари ёпилмади. Хуллас, қолган уйларда ҳам деярли шундай муаммо. Барча уйларнинг ертўла қисми оқланмаган.
Кейинги манзил Саъдий Шерозий маҳалласи бўлди.
- Ширкатимиз 8 та беш қаватли ва 2 та 9 қаватли уйлардаги 522 та хонадонга хизмат кўрсатмоқда, - дейди “Юнусобод коммунал Ситора сервис” МЧЖ раиси Қаҳрамон Салоҳиддинов. – Уйларимиз икки йил давомида олтита масъулияти чекланган жамиятлар томонидан таъмирланиши керак эди. Аммо ишлар ҳалигача охирига етмасдан қолиб кетмоқда. Хусусан, “Янгиқўрғон Дилшодбек” ХК томонидан таъмирланган 43-уйдаги ишлар талаб даражасида эмас. Том қисмидан чакка ўтяпти, ертўладаги оқова сув қувурларини янгилаш охирига етмади. Ёриткич чироқлар ҳалигача ўрнатилмади.
“Алишер ТУР” МЧЖ қурувчилари 42- ва 148-уйларнинг ертўла қисмидаги оқова сув қувурларини алмаштириш, таъмирлаш ишларини охирига етказмади.
- Фасад қисмининг деворларини ҳам сифатсиз бўяб кетишди, – дея гапида давом этди Қ.Салоҳиддинов. – 42-тўққиз қаватли уйда 4 та лифт ўрнатилганига ўттиз йилдан ошган. Уларни янгисига алмаштириш бўйича тегишли идорага мурожаат қилдик. Аммо ҳалигача натижа бўлмаяпти. Лифтлар эскилиги сабабли кунора муаммо чиқади. Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш бўйича август ойида вилоят ҳокимлиги қошидаги инжиниринг компаниясига ариза билан чиқдим, масъуллар келиб кетишди-ю аммо натижа бўлмаяпти.
- Қурувчиларга катта маблағ ажратилаётганига қарамай, ишни сифатсиз қилиб кетишган, - дейди 42-уйда яшовчи Хайринисо Ҳасанова. – Ўтган йили таъмирланган уйнинг фасад ва уйларга кириш қисми (подъезд)ларнинг бўялган деворлари қўпорилиб тушди. Лифтлар олдидаги кафеллар синган. Бу кўзбўямачилик қачон тугайди? Биз ҳам сифатли, чиройли уйларда яшагимиз келади ахир...
Шерозий маҳалласидаги 22, 23 ва 158-уйлар “Сартепа ҳаёт” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли экан. Ширкат раиси Фарруҳ Раҳимбобоевнинг айтишича, у ширкатни бир ой олдин қабул қилиб олган. Муаммолар билан эса энди шуғулланмоқда. Қурувчи томонидан 22-уйнинг таъмири ўз ҳолига ташлаб кетилган. Ҳатто, ҳовлини ёритиш ҳақида ўйланмаган. Уйларнинг кириш қисмига ўрнатилган ёритиш тизими ишдан чиқиб бўлган. Ертўла захлигича турибди, чиқиндилардан тозаланмаган, ёритиш тизими умуман йўқ. Том қисмининг таъмири ҳам охирига етмай қолган. Ҳар бир хонадоннинг дераза ромлари устига ўрнатилган айвонлар таъмир пайтида янгисига алмаштириш шарти билан жойидан ечиб олингану қайта қўйилмаган. Ёмғирли, қорли кунлар яқинлашаётган бир пайтда бу масала қандай ҳал этилади?
Хуллас, бу уйлар таъмирини ким якунлаши лозимлигини аниқлай олмадик. Чунки ширкат раиси Ф.Раҳимбобоев қурувчи ташкилот вакили Бахтиёр ака билан олдимизда телефон орқали боғланганда, у “менинг ташкилотим тугатилди. Ҳеч нарсани билмайман, буни олдин шу уйда иш бошлаган “Усто Дилшод қурувчи”дан сўранглар”, дея телефонни ўчирди.
Афсуски, бу манзилдаги уйлар, яъни аҳоли тили билан айтиладиган “жарлик”даги 22 ва 23-уйлар аҳволи яхши эмас. Аҳоли эса аллақачон бунга кўниккан.
Қорли, қировли кунлар яқинлашмоқда. Нима бўлса ҳам қурувчи-ю масъулларнинг виждони уйғонсину юқоридаги муаммолар ўз вақтида бартараф этилсин-да. Балки, бу масалаларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳуқуқий баҳо берар. Биз эса ушбу маскандаги мавзуга яна қайтамиз.
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
“Зарафшон” мухбирлари.