Савияси паст ходим ўз салоҳиятига ортиқча баҳо беради

Фаранг мутафаккири Рене Декартнинг рақамларда ифодаланган қизиқ “статистика”си бор: “Дунё одамларини 100 фоиз деб билсак, улардан 1 фоизи ярамас, 2 фоизи ҳалол, қолган 97 фоизи у ҳам эмас, бу ҳам эмас”.

Ҳаёт “саҳнаси”ни кузатсангиз, Декартнинг рақамлари анча-мунча аниқлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Аёнки, ҳаётда “яхшилар”, “ёмонлар” ва “бефарқлар” орасига қизил чизиқ тортиб, аниқ ажратиб қўйилмаган. Кўпинча ёмонлар “эзгулик” ниқобини тақиб оладилар. Бефарқлар уларга астойдил (тарози палласининг қаёққа босишига қараб) тарафдор бўлишади. Яхшиларга эса кўпинча “айбсиз айбдор” роли тегади.

Инсоният (ёки дейлик, “меҳнат жамоаси”)нинг 20 фоиз қисми жами ишларнинг 80 фоизини бажаради (“умумжамоа араваси”ни тортади). Бу азалдан маълум ҳақиқат. Яқинда аниқланишича, инсониятнинг 80 фоизи, ўзини айнан ўша меҳнаткаш 20 фоиз сафидаман, деб ҳисоблар экан. Яъни, қочган ҳам Худо дейди, қувган ҳам!

Лекин қандай вазият бўлмасин, инсониятнинг “яхши”, “ёмон” ва “лоқайд” тоифалари ўртасидаги нисбат деярли ўзгармайди. Бинобарин, “бой ва камбағални, эркак ва аёлнинг бирдек тенглиги”ни таъминламоқчи бўлган собиқ коммунистик тузумнинг даъвоси анча жозибадор, лекин ғайритабиий эди. “Коммунизмда барча инсонлар қобилиятига қараб эмас, балки эҳтиёжига яраша моддий неъматлардан баҳраманд бўлади”, деган сафсата уқтириларди. Тасаввур қилинг, табиатан меҳнаткаш ва тадбиркор инсон ҳам, ялқов ва дангаса ҳам, “аълочи” ва “иккичи” ҳам... бир хил миқдорда маош олса?! Йўқ, ҳатто ялқовнинг “эҳтиёжи” меҳнаткаш инсоннинг эҳтиёжидан ортиқ бўлса-чи?! Қани бу ерда адолат?

Ўзингиз яхшилаб ўйлаб кўринг: дейлик, жамиятда эртадан бошлаб ҳаммага бирдек, теппа-тенг – 1000 доллардан маош белгиланса, ҳаёт бирдан яхшиланиб кетадими ёки... Натижа тахминан қуйидагича бўлади:

Қисқа вақтдан сўнг кичик бир гуруҳ бойиб кетади, бир тоифа нисбатан ўртача мавқени эгаллайди. Жуда кўпчилик эса камбағал (кам таъминланган), ёлланма ишчи ва ҳоказо тоифаларга ажралиб қолади. Бу – табиий ҳол. Бу ерда ким(лар)нидир айблаш мутлақо ноўрин. Инсоният феъл-атворининг ўзи шуни тақозо қилади.

            Жамиятда бизнес ва тадбиркорлик учун ҳар қанча қулай шарт-шароитлар яратилмасин, барибир, одамларнинг атиги 3-5 фоизидагина ҳақиқий ишбилармонлик қобилияти бўлади. Кўпчилик эса уларга фақат тақлид қилади, холос. Шунинг учун, “қора икра жуда қимматбаҳо ва тансиқ неъмат (деликатес) бўлгани боис, уни Ер шари аҳолисининг атиги 5 фоизигина доимо истеъмол қила олади”, деган иборани икки хил маънода тушуниш мумкин: Балки 95 фоиз одам “ялқовлиги” ва тадбиркор эмаслиги боис қора икрадан узоқроқ юришар. Ҳарқалай, қўллар билан бирга калла(мия!)ни ҳам бирозгина кўпроқ ишлатилса, қора икрага етишса бўлади, шундай эмасми?

         Инсониятга ато этилган ақл-фаросат ва илмий салоҳият ҳақида ҳам юқоридаги мисоллар орқали хулоса қилиш мумкин. Яъни, олимга тақлид қилиш – олим бўлиш, дегани эмас. Одамда басавлат қомат, қора костюм-шим, антиқа бўйинбоғ, силлиқ таралган сочлар ва “ақлли” қиёфа бўлса бас – олим ёки раҳбар бўлди, дегани эмас! Лекин ҳаётда ташқи кўриниши “даҳшат”, лекин калласи деярли пуч бўлган “олим” ва қўғирчоқ “раҳбар”лар ҳам афсуски, учраб туради.   

АҚШнинг Калифорния штати губернатори бўлган машҳур Арнольд Шварценеггер шундай фикрни айтган: “Тўқсон беш фоиз одамлар доимо ўзларига йўл-йўриқ кўрсатиб, бошқариб турувчи раҳбарга муҳтож бўладилар”. Ҳақиқатан ҳам, агар озгина эътибор берсангиз, атрофингизда қарор қабул қилишдан чўчийдиган, бирор масалани унинг учун ўзгалар ҳал қилишида ҳеч қандай ҳақорат сезмайдиган инсонлар кўплигини кўрасиз. Бунинг ғайритабиий жойи йўқ: негаки, бадан жонсиз яшай олмаганидек, халқ ҳам ҳокимиятсиз яшай олмайди.

Бернард Шоу айтмиш, инсониятнинг икки фоиз фикрловчи қисми (илм-маърифат аҳли) техник ва ижтимоий тараққиётни таъминласа, “ўзларича “фикрлаяпман”, деб ўйловчи” уч фоизи эса ўша икки фоизни ҳам қўшиб, 97 фоиз инсонлар устидан ҳукмронлик қиладилар. Жек Лондон ёзганидек, “фикр юрита олмайдиганлар ўзларини мутафаккир қилиб кўрсатадилар ва мустақил фикр юритадиганларнинг тақдирини ҳал қиладилар”.

“Наҳотки шундай бўлса, раҳбар бўлиш осонми? Раҳбар дегани – билимли, адолатли, қатъиятли ва доно инсон эмасми?” деган савол туғилиши мумкин. Албатта, юқоридагидек фазилатларга эга раҳбар ҳамма жойда азиз, жамоатнинг ҳақиқий бахти-омади, деса бўлади.

Лекин инсоннинг феъли қизиқ-да. Билим-савияси ночорроқ одамлар, тафаккури ўзлариникидан юксак инсонларга қараганда мансаб поғоналарини кўпроқ (ва дадилроқ) эгаллашар экан! Корнелл университети (АҚШ) олимлари олиб борган илмий тадқиқот ана шундай ҳайратомуз хулоса билан якунланди. Кўпинча савияси паст ходимлар ўз салоҳиятига ортиқча баҳо беришади. Хато қарор қабул қилганларида ҳам тушкунлик ва виждон азобини сезмайдилар (чунки хатонинг хато эканлигини ҳам ҳис этишмайди).

Юқори малакали мутахассислар эса аксинча, кўп иккиланиш ва чуқур мулоҳазалардан сўнг қарор қабул қилишади. Бу эса жамоа аҳлида журъатсиз ва қатъиятсизлик каби таассурот уйғотади. Юқори малакали ходимнинг камтарлиги ҳам мансаб поғонаси йўлида кўпинча унинг “зарари”га ишлайди.

Савияси “бундайроқ” одамларнинг амал курсиларини кўпроқ “банд” этиши, ушбу ҳодисани илмий ўрганган руҳшунос (психолог) олимларнинг шарафига, “Даннинг-Крюгер эффекти” (1999 й.) деб номланди. Улуғ ватандошимиз Маҳмуд Замаҳшарий ёзганларидек: “Ҳеч ажабланарли эмаски, баъзи жоҳил кишилар баланд даражага эришиб, олим ва доно одамлар қуйида қолур, чунки баъзи вақтда Суҳайл (Канопус) юлдузи қутб жанубида бўла туриб пастга тушар, аммо Наоим юлдузи каби кичик юлдуз бутун оламнинг боши устида турар”.

Хуллас, “Агар ҳунаринг бўлмаса, қўлингдан ҳеч нарса келмаса, демак – бошлиқ бўласан”, деган ҳазиломуз халқона ибора ҳам бежизга пайдо бўлмаган! Бошлиқ – ҳунарманд эмас, балки ҳунармандларни бошқариб, буйруқ берувчи раҳбар-да. Бинобарин, инсонда ижодий қобилият, ўткир ақл ва даҳолик каби ноёб хусусиятларнинг бўлиши – раҳбар бўлади, дегани эмас. Ҳатто, илм-фанда катта ютуқ ва унвонларга эришгани билан раҳбарлик қобилияти  йўқлиги боис 97 фоизни ташкил этувчи “авом” қаторида юрувчи инсонлар ҳам анча-мунча. Қолаверса, бошлиқ бўлиш учун айнан “илмий” сифатлар кўп-да зарур ҳам эмас. Бошлиқ, бу – раҳбар! Одамларнинг ўзи бошқарилишга, кимгадир эргашишга доимо мойил бўлишади-ку. Энг асосийси, раҳбар адолатли бўлса, олам гулистон. Улуғ Соҳибқирон бобомиз айтганларидек, “Куч – адолатдадир”!  

Ҳар ким, қаерда ва қай мавқеда бўлмасин, ақл-тафаккур кучи етган юмушни бажаради. “Қаерда ва қай мавқеда” дейишимизга сабаб – ақл-тафаккури етмаган ишга даъво қилувчи, дейлик, турли йўллар билан “олим” ёки “раҳбарлик” лавозимларини эгаллаган инсонлар учраб туради. Аммо бундайлардан ўзига ато этилган ақл-фаросатдан ортиғини кутиш қийин, талаб қилиш ҳам яхши натижа келтирмайди. Бир донишманд айтганидек, буюк ақл соҳиблари ғояларни муҳокама қилади, ўртача ақл эгалари воқеаларни муҳокама қилади, ақли калталар эса одамларни муҳокама (ғийбат) қилади...

Бахтиёр Ҳайдаров.