Сайлов олдидан ёшлар сайли ўтказиляпти
Самарқанд шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида ёшлар, хусусан, бу сиёсий жараёнда илк бор иштирок этаётган йигит-қизларнинг фаоллигини, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида тарғибот лойиҳаси амалга оширилди.
Шаҳардаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ёшлар сайли тарзида ташкил этилган “Сайлов ва ёшлар” лойиҳаси доирасида турли учрашувлар, интелектуал ўйин ва викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган тадбир “Биз - Самарқанд ёшлари сайловга тайёрмиз!” шиори остида ўтказилди. Тадбирда республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси вакиллари ҳамда фаол китобхон ёшлар иштирок этди.
- Самарқанд давлат чет тиллар институти 1-босқич талабасиман, - дейди Мадина Митанова. – Сайловда илк бор иштирок этаман. Рости, бу борада тушунчага эга эмас эдим. Бугун “Сайлов ва ёшлар” сайлида қатнашиб, сиёсий билимим ошяпти. Партиялар ва депутатларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқишим кераклигини англадим.
Ёшлар сайли доирасидаги ҳар бир тадбир сўнггида фаол иштирокчи ёшлар муносиб тақдирланмоқда.
Зарнигор ОРЗУҚУЛОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).