Сен бирни берсанг, Аллоҳ сенга ўнни беради

Ёзнинг куни бўлгани учун тонг эрта отарди. Ғира-шира қоронғулик тарқаб, кун ёриша бошлади. Улар биринчи АЁҚШга етиб келишолмади. Сал нарида машинанинг мотори ўчди.

У ёғига яна анча йўл босиш керак эди. Эркак яна сўкинди. “Энди нима қилсам экан? Бориб бирортасига илтимос қилиб кўрсинми? Худди тиланчидек тиланадими? Пулинг бўлмаса нима қиласан йўлга чиқиб демайдими? Эҳ, ақли қисқа хотин. Товуқмия, деганича борда буларни...”, деб ўйлади. Аммо қўл қовуштириб ўтиришнинг ҳам иложи йўқ. “Худо, Ўзингга таваккал”, деб машинадан тушди.

- Дадаси, мен ҳам... - деб гап бошлаган аёлнинг гапи оғзида қолди.

- Сен машинада ўтир. Шунча нарсани биров илиб кетмасин. Ўзим бориб гаплашиб келаман, - деб жеркиб берди. 

Чорасизлик инсонни нималарга мажбур қилмайди. Зўр-базўр қадам ташлаб ёқилғи қуйиш шохобчасига томон юра бошлади. Оёқларига худди оғир тош боғлаб олгандек қадам ташларди. Тавба, бировдан нарса сўраш бунчалар қийин бўлмаса... Ишқилиб, инсофли одамлар бўлсин-да.

Тушунадиган кишилар бўлса нур устига нур бўларди... Ўз хаёллари билан АЁҚШ ёнига етиб келган эркак атрофга олазарак боқди. Машиналар қатнови кам. Ёқилғи қуядиган мосламалар ёнида ҳеч ким йўқ. “Касса” деб ёзиб қўйилган томонга юрди. Кичикроқ ойнаванд тешикдан ичкарига мўралади.

- Ассалому алайкум, келинг ака, - деди ичкаридан бир йигит жилмайиб.

- Ва алайкум ассалом, ҳалиги... - ўнғайсизланиб гапиришга чоғланди. Бошлиғинглар йўқми? Ишим бор эди.

- Мен ўзим бошлиқман, тинчликми, - сўради йигит ажабланиб.

- Бир дақиқага бу ёқққа чиқа оласизми, - ўша оҳангда айтилди гап. Йигит чиққунга қадар эркакни тер босди. Ўзини худди нарса тиланаётган гадой ҳолида кўрди. Ярим аср яшаб, ҳеч бундай ноқулай аҳволга тушмаганди.

- Нима гапингиз бор, ака, - деб сўради йигит.

- Узр, ука, сизни безовта қилдим. Сиздан бир ўтинчим бор эди. Ёнимизда икки минг сўм пул қолибди, холос. Афсуски, бензин тугаб, машинам ҳув анави ерда ўчиб қолди. Йўқ демасангиз, қарзга ёқилғи қуйиб бероласизми, деб сўрамоқчийдим...

- Ака, пулини бермасангиз ҳам майли. Ана, сизга ўн литр бензин қуйиб бераман, - деди йигит самимий жилмайиб.

- Менга керакмас, пулини албатта, бугун кечгача етказаман, - шошиб гапирди эркак. АЁҚШ бошлиғининг унга ачиниб қарашидан кўнгли оғриди.

- Ака, биласизми, кеча укам боласини Тошкентга олиб кетаётган экан. Боласи оғир аҳволда эди. Йўлда машинасининг бензини тугаб қолибди. Вазиятни тушунтириш учун қўл кўтариб тўхтатган машина ҳайдовчиларининг бирортаси бензин бермабди. Шу пайт нариги йўлда келаётган бир яхши одам тўхтаб, унга бензин қуйиб берибди. Шу сабаб билан жиянимнинг жони омон қолибди. Укам: Агар ўша киши ёрдам бермаганида, боламдан айрилиб қолардим, деди. Шу боис бугун ким биринчи келса ўн литр бензинни текинга бераман, деб ният қилгандим. Бахтимга сиз йўлиқдингиз, - деганча йигит қўлини ҳамсуҳбатининг елкасига қўйди.

- Мен мингдан минг розиман, олаверинг.

- Укангизнинг машинаси кўк рангли "Нексия"миди, - сўради эркак.

- Ҳа.

- Э биродар, Яратганнинг марҳаматини қаранг. Сен бирни берсанг, сенга ўнни бераман, дегани рост экан. Укангизга мен бензин қуйиб бергандим, - деганча у қувончдан ёшланган кўзларини артиб қўйди.

Саида Қорабоева.