Сенатда кўриб чиқилган масалалар ҳақида маълумот берилди

Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўтказилган эди. Унда 20 та масала, жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилган.

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Боқиев ҳамда мазкур қўмита аъзоси Ф.Тошев иштирокида халқ депутатлари Самарқанд вилояти ва туман, шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари билан ZOOM орқали ўтказилган йиғилишда ялпи мажлисда кўриб чиқилган ана шу масалалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ялпи мажлисда маъқулланган қонунлар орасида “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, – деди Ф.Боқиев. – Хабарингиз бор, мазкур қонун 9 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди ва кучга кирди. Ушбу қонун билан Меҳнат, Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда амалдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, эндиликда Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам пенсия тайинланади. Таълим муассасаларида ўқиётган етим болаларга 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи берилди. Болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблаш жами даври 3 йилдан 6 йилга ўзгартирилди.

Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда автомототранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

Йиғилишда ялпи мажлис қарор билан Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юборишнинг сабаб ва моҳияти ҳақида маълумот берилди.

Сенаторлар айни пайда қўмитада муҳокама этилаётган “Реклама тўғрисида”ги қонун юзасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам ўз фикр ва таклифларини билдиришлари муҳимлигини таъкидлади.

Парламент юқори палатаси аъзолари депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.