Сенатор ва депутатлар нурободлик теримчилар ҳузурида

Жорий йилда Самарқанд вилоятидаги пахтачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 75 минг 580 гектар майдонда пахта етиштирилиб, 215 минг 500 тонна ҳосил олиш учун пухта замин ҳозирланди.

Айни пайтда вилоятнинг айрим ҳудудларида пахта йиғим-терими бошланди.

  Жумладан, Нуробод туманидаги 31 фермер хўжалиги бу йил 632 гектар майдонда ғўза парваришлаб, ҳозирда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишга киришган. Пахта хом ашёси “Самарқанд камалак инвест” кластер корхонаси томонидан қабул қилинмоқда.

  – Маҳаллаларда истиқомат қилувчи 1200 нафардан ортиқ ишсиз, меҳнатга лаёқатли кишилар билан белгиланган тартибда шартнома тузилиб, 14 та терим отряди ташкил этганмиз, – дейди туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бошлиғи И.Бердиқулов. – Уларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнатга оид муносабатлар тушунтирилган. Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан маҳалла раисларлари ҳам, фермерлар ҳам огоҳлантирилган. Ҳозирча қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилмади, бу ҳақда мурожаатлар ҳам тушмади.

  Шу кунларда вилоятимизда бўлиб турган Олий Мажлик Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ Нуробод тумани пахта далаларда бўлиб, теримчилар учун яратилган шарт-шароит билан танишди, улар билан суҳбатлашди.

  – Бугун далаларда қийғос очилиб турган ҳосилнинг ўз эгаси бор – фермер, кластер корхоналари меҳнати самарасини ҳам ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олишни истайди, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Боқиев. – Лекин барибир пахта йиғим-теримида маҳалла аҳолиси, мавсумий ишчилар меҳнатидан фойдаланишга тўғри келади. Яхши биласиз, эндиликда бу жараённи аввалгидек одамларни ёппасига далага чиқариш билан амалга ошириш мумкин эмас. Бу борада тегишли ҳуқуқий асослар яратилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Биз ҳам жойларда бўлганимизда бу ҳақда теримчилар ва фермерлар билан суҳбатлашяпмиз. Теримчиларга кунлик ҳақ тўланаётгани, даланинг ўзида иссиқ овқат ва бошқа шароитлар яратилгани туфайли аҳолининг ўзи кўнгилли равишда чиқиб, даромад қилаётганига гувоҳ бўлдик.