Шаҳар ва туман марказларида ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереялари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Унда Президент қарори билан халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги жорий этилиши, эндиликда туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрининг юритилиши, халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича кенгаш тузилиши маълумот ўрнида белгиланди. Бу борада республика кенгашига доимий амалий ёрдам кўрсатиш ва самарқандлик ҳунармандларнинг маҳсулотларини электрон тижорат (E-kommerse) йўналишида кенг қўлланиладиган веб-сайтлар орқали сотилиши учун зарур ташкилий ишларни йўлга қўйиш чораларини кўриш бўйича мутасадди идора раҳбарларига вазифалар берилди.

Қарор ижросига кўра, икки ой муддатда вилоятимиздаги йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудида алоҳида ҳунармандлар расталари ташкил этилиб, уларга «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо халқ амалий санъати усталарининг маҳсулотлари жойлаштириб борилади. 2020 йил якунига қадар эса тадбиркор, ҳунарманд ва ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳридаги Бибихоним тарихий-меъморий мажмуасида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий «Ҳунармандлар бозори» ташкил этилади.

Бундан ташқари, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Сузук ота мажмуаси мисолида ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуалари, шунингдек, вилоятимиздаги барча туман-шаҳарлар марказида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереялари ташкил этиладиган бўлди.