«Шарқ тароналари» меҳмонларига 72 нафар ҳайдовчи хизмат кўрсатади

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига 80 дан ортиқ давлатдан 750 нафарга яқин меҳмон-иштирокчилар ташриф буюриши кутилмоқда.

Фестивалга тайёргарлик кўриш, фахрий меҳмонлар ва иштирокчиларни кутиб олиш, кузатиш, уларга намунали хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 72 нафар тажрибали ҳайдовчилар, йўловчи ташувчи корхоналар масъуллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи А.Носиров, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамроев ҳайдовчиларга меҳмонларни ташиш ва кузатиш давомида йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя этиш, транспорт воситаси техник соз бўлгандагина йўналишга чиқиш, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобилни бошқармаслик, автомобиль бошқаруви вақтида йўл шароитини ҳисобга олган ҳолда, кузатувчи патруль автомобилнинг кўрсатмаларига амал қилиб ҳаракатланиш, ўзбошимчалик билан, асоссиз автомобилни тўхтатмаслик, тезлик ва оралиқ масофани сақлаш лозимлиги хусусида тушунчалар берди.

Шунингдек, транспорт воситаларининг тозалиги, ҳайдовчиларнинг муомала маданияти, меҳмонларга юртимизнинг қадим анъаналарига мос тарзда муносабатда бўлиш каби масалалар ҳақида сўз юритилди.