Шарқ ва ғарб: эътиборга молик тафовутлар
Шарқ дунёси дейилганда Осиё ва Ўрта Шарқда жойлашган мамлакатлар, Ғарб дунёси бўйича гап кетганда эса Шимолий ва Жанубий Америка, Европа, Австралия ва Янги Зеландия давлатлари назарда тутилади. Шарқ ва Ғарб ўртасида таълим, иш, оилавий ва ижтимоий муносабатларда осмон билан ерча фарқ мавжуд бўлиб, қуйидаги мақолада шу сингари тафовутлар асослаб берилган.
Шарқ ва Ғарбнинг маданиятлараро тафовутлари асосан одамларнинг хулқ-атвори ва ўзини тутишида намоён бўлиб, қуйидаги икки тушунча атрофида бирлашади: индивидуализм ва коллективизм. Биринчи атама шахснинг мустақиллигини ва юксалишини назарда тутса, коллективизмда шахслар бирор ижтимоий гуруҳ доирасидан ажралиб чиқиб, якка ўзи ҳаракат қила олмайди. Ғарбда индивидуал, Шарқда эса коллектив маданият ҳукмрондир. Бу жамиятда, иш жойида, оилада ва муносабатларда ўз аксини топган.
Ғарбда ўзини устида ишлаб, такомиллашган шахснинг қўлга киритган ютуқлари жамоаникидан устун туради, етук кадр ўзининг эришган муваффақиятлари ҳақида тинмай гапириши мумкин, бу эса Шарқда мақтанчоқлик ва худбинлик саналади. Мазкур тафовутни қуйидаги икки хил маданият халқларининг мақолларидан билиб олиш ҳам мумкин:
АҚШ мақоли: « Чийиллаётган шинага ҳамма қарайди», яъни кўпинча баланд овоздаги хитоблар эътибор тортади.
Япон мақоли: «Меъёрдан ўсиб кетган тирноқ тезда олиб ташланиши зарур», яъни агар кимдир мустақиллик исёни қилмоқчи бўлса, жазо муқаррар.
Шарқда оила ва жамоат якка шахсдан устувор ҳисобланади, ўзига ишончи сўнган муваффақиятли инсон ҳам қобилиятларини борича намойиш этмай, ўзини ажратиб кўрсатишга интилмай қўяди. Буни камтарликка йўйиш мумкиндир, лекин битта одамнинг меҳнати бошқалар учун қурол бўлмаслиги керак.
Оила масаласига келсак, шарқона маданиятда бу тушунча юксак эҳтиромга эга, фарзандларнинг вояга етгач, уйни ташлаб кетиб мустақил ҳаёт қуриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу хатти-ҳаракат айниқса кексалар томонидан қаттиқ танқидга учрайди, ахир уларга қарайдиган, иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб турадиган одам керакку. Ғарбда бу масалага оилавий мажбурият сифатида қаралмайди, ота-оналар ва оиланинг бошқа кекса аъзолари ёшларни уйда қамаб қўйишга эҳтиёж сезмайди.
Ғарбда севги-муҳаббат туйғусига анча жиддий қаралади, одамлар йиллаб ўзларига ҳар томонлама мос келувчи мукаммал жуфт қидиради, чунки дунёда ўз тақдирини боғлай оладиган иккинчи шахс ҳам у каби тенг салоҳиятга, ўхшаш қизиқишлар ва машғулотларга эга бўлиши жуфт танлашда асосий омил саналади. Шарқда эса бунинг тамолила акси: оилага яқин танишлар ва дўстлар орқали топилган ёки тавсия этилган одамлар билан оилавий муносабатлар ўрнатилади ва икки шахсга мазкур «келишув асосидаги» муносабат, агар барчаси жар ёқасига келиб қолса ҳам, умрининг охиригача давом эттирилиши мажбурияти юкланади. Келинлик ёки куёвликка номзод албатта оила аъзоларига ҳам ёқиши, улар қўйган талабларга жавоб бериши зарур.
Ғарбда бор диққат-эътибор шахсий ютуқ ва мавжуд қобилиятларни юзага чиқаришга қаратилади. Талабалардан фақат ўзи ҳақида қайғуриши, қунт билан ўқиши, дарсларда ўқитувчини ўйлантириб қўювчи саволлар бериши ва энг муҳими танлаган соҳасига қизиқиши рағбатлантирилади. Таҳсил олувчилар фақат ўқилаётган маърузани ҳазм қилувчилар эмас, балки уни янги маълумотлар ва тадқиқотлар билан янада бойитишига имкон яратилган. Ваҳоланки, Шарқда ҳар бир талаба тенг даражадаги академик ютуқларга эришиши ва зиммасига юклатилган қийин топшириқларни бажаришига урғу берилади. Тартиб-интизом барча таълим муассасаларида биринчи ўриндан туради, дарсни ўзлаштира олмаган ўқувчи эмас, балки белгиланган қоиодаларга риоя қилмаган ўқувчи огоҳлантиришу дашномлар нишонига айлантирилади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, дунёнинг ҳар бурчагида ҳар хил маданият ва таомиллар ҳукмронлик қилади ва одамларнинг фикрлаш қобилияти, ижтимоий ҳаётга фаол аралашуви ва ёрқин карьерага эришиши кўп жиҳатдан у вояга етган ва тарбияланган муҳит таъсири ўлароқ шаклланади.
Расмлар муаллифи Германияда яшовчи хитойлик журналист Янг Лиу.
#ЁшИстеъдод учун Сожида тайёрлади