Шахмат ЖЧ-2023: Бош ҳакам "отлар рақси" учун берилган очкони бекор қилди
Самарқандда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида россиялик икки шахматчи Ян Непомняший ва Даниил Дубов ўзаро келишган ҳолда дуранг қайд этди.
Блиц баҳсларининг 11-турида россиялик икки спортчи — Даниил Дубов ва Ян Непомняшчий ўзаро тўқнаш келишди.
Томонлар 13-юришда дурангга келишди (шахматда, агар томонлар вазиятни тенг дея ҳисоблашса, ўзаро келишган ҳолда дуранг қайд этилиши мумкин).
Аммо ҳакамлар вазиятни таҳлил қилишди. Мусобақа бош ҳаками Иван Сировий эса ҳар икки спортчига мағлубият ёзиш ҳақида қарор чиқарди (дуранг учун уларга берилган 0,5 очко бекор қилинди).
Шундан сўнг шахматчилар аппелляция беришди. Аппелляция комиссиясининг учала аъзоси ҳам бош ҳакамнинг қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида қарор чиқарди.
Шахматчилар фақат иккита от билан бир хил ўйнашган. Отлар майдонга чиқарилди ва тахта бўйлаб айлантириб, яна ўз ўрнига жойлаб қўйилди. 13-юришдан кейин дурангга келишишди.
Шахмат қоидаларининг 1-модда 11-қоидасида "Спортчилар шахмат ўйинининг репутациясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳеч қандай хатти-ҳаракатларни қилиши керак эмас", деб ёзиб қўйилган.
Даниил Дубов ўзининг бу ишини мусобақа ташкилотчилари ва ҳакамларига норозилик рамзи экани билан изоҳлаган.