Шайбонийлар сулоласи дафн қилинган даҳма. У ҳақида нималарни биласиз?

Шайбонийлар даҳмаси - ўрта аср меъморий ёдгорлиги. XVI асрда бунёд этилган. Регистон мажмуаси ҳудудида жойлашган.

Даҳманинг ҳар бир томонининг узунлиги 6,15-6,15 метр бўлиб, устида 36 қабртош мавжуд. Дастлаб Меҳр Султон хоним кўрсатмаси билан Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисининг ўртасида жойлашган қабрлар алоҳида оилавий даҳма - баланд мармар суфа кўринишига келтирилган. Бибихоним жоме масжидига олиб бориладиган йўл очилганда даҳма 70-80 метрлар жанубий-шарққа кўчирилган. Унинг эгаллаб турган майдони анча қисқарган.

1960-1962 йилларда шаҳарни қайта таъмирлашда даҳма иккинчи марта - Регистон мажмуаси ҳудудига кўчирилган. Унга аввал 1504 йилда шаҳид бўлган Маҳмуд Султон дафн этилган. 1509 йилда Бухородан Муҳаммад Шайбонийнинг онаси - Оқ Қўзи бегимнинг жасади кўчириб келтирилган. 1510 йилда Муҳаммад Шайбонийнинг ўзи, 1511 йилда Маҳдий, Ҳамза ҳамда Абулхайр султонлар, 1514 йилда Муҳаммад Темур султон, 1526 йилда Ёдгор султон, 1530 йилда Шоҳ Султон хоним, 1535 йилда Шаҳрибону хоним, 1545 йилда Қутлуғ Муҳаммад султон, 1586 йилда Суюнч Муҳаммад султон ва бошқа Шайбоний султонлар ва маликалар дафн этилган.

Шайбонийлар даҳмаси Ўзбекистон моддий ва маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган - давлат ҳимоясига олинган. Шайбонийлар давлатининг маълум муддат пойтахти бўлган Самарқандда ушбу сулола ҳукмронлиги даврида маданий ҳаёт ҳам ривожланган.

Шайбонийлар меъморчилик ишларига ҳам аҳамият бериб, бу даврда бир қатор ёдгорликлар бунёд этган. Бу борада нафақат сулола намояндалари, балки ўз даврининг кўзга кўринган катта моддий имкониятга эга кишилари ҳам четда қолмаган. Чунончи, Самарқанддаги Муҳаммад Шайбоний қурдирган Хония, Абу Саид Калбобо, Кўкалдош, Меҳр Султонхоним номи билан боғлиқ мадрасалар бунёд этилган. Бу даврда Самарқадда Алайка Кўкалдошнинг Жума масжидида мармар минбар (1528 й), Жувонмард Алихон томонидан ҳаммом (1574 й.), Қози Соқий мадрасалари қурилган. Шайбонийлар даврида фан ва маданиятнинг ривожланишида мазкур сулола намояндаларининг ўрни катта бўлган. Аввало, уларнинг ўзлари ниҳоятда ўқимишли шахс бўлишган.

 Муҳаммад Шайбонийхон, Кўчкунчихон, Убайдуллахон, Абдуллахон II, Абдулазизхон каби Шайбонийлар туркий ва форсийда шеър битган. Диний ва дунёвий илмларда етарли салоҳиятга эга бўлган. Шайбонийхон ҳарбий юришлар ва давлат ишлари орасида қисқа танаффусларда турли фанлар ва исломий ўрганиш, тарихий ва шеърий асарлар битиш билан шуғулланган. Ўз саройига кўплаб тарихчи, шоир, олимларни жалб этган. Унинг саройида Камолиддин Бинойи, Муҳаммад Солиҳ, Мулла Шоди, Фазлуллоҳ ибн Рўзбекхон каби халқ севган шоирлар паноҳ топиб, ўз асарларини яратган.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг Ҳиротни қўлга киритгандан сўнг Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган портрети бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган.

Аслиддин Сафаров,

Регистон ансамбли гидлар бўлим бошлиғи.