Шимолий Корея ядро қуроли сиёсати ҳақидаги қонун қабул қилди: Ядро қуролидан фойдаланишга фақат бир киши рухсат бера олади
КХДР Олий халқ ассамблеяси (ОХА) “Ядро қуроли бўйича сиёсат” деб номланган қонун қабул қилди, деб хабар берди бугун, 9 сентябрь куни Жанубий Кореянинг "Ренхап" ахборот агентлиги.
Ҳужжат 7 сентябрь куни маъқулланган. У ядро қуролидан фойдаланиш тамойиллари ва хавфсизлик чораларини белгилайди. Унда ядро қуролидан фойдаланишга буйруқ бериш ҳуқуқига фақат мамлакат раҳбари Ким Чен Ин эга эканлиги таъкидланган.
У сессиядаги нутқида ядро сиёсати энди қонун билан амалга оширилаётгани, Шимолий Корея эса АҚШнинг душманлик сиёсати туфайли ҳеч қачон ядро қуролидан воз кечмаслигини таъкидлади.
Ким Чен Иннинг айтишича, Қўшма Штатлар ўз олдига КХДРнинг “ядровий қудратини йўқ қилиш” ва “режимимизни ағдариш мақсадида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш” вазифасини қўйган.
У Корея ярим оролида АҚШ томонидан яратилган вазият шароитида “ядровий қуролдан воз кеча олмаймиз” дея таъкидлаб, янги қонун КХДРга ҳужум қилинган тақдирда автоматик ядро зарбаси беришга рухсат беришини огоҳлантирди.
Аввалроқ Жанубий Корея, Япония ва АҚШ Пхеньян янги ядро синовини ўтказса, КХДРга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришга келишиб олган эди.