Шкафдан чиқишга уринган ва рақсга тушувчи тўй кўйлаги
Анна Байкер 1836 йилда Американинг Пенсильвания штатида Алтун шаҳрида туғилган. Отаси Элмас Байкер бадавлат одам эди. Оилада уч фарзанд – Дэвид, Анна ва Сильвестр бор эди.
Бир куни Анна отасининг корхонасига ташриф буюради ва чиройли пўлат қуювчи йигитчани севиб қолади. Йигитча ҳам унга кўнгил қўяди. Камбағал бўлса-да у Аннанинг қўлини сўрайди. Буни эшитган ота ғазабга минади. Ялангоёққа турмушга чиқиб бизни иснодга қўясанми, деб койийди. Агар қарорингдан воз кечмасанг, мен сендан воз кечаман, дейди.
Бойвачча қизга уйланиш насиб этмаслигига кўзи етган ишчи йигит қандайдир фермернинг қизига уйланиб, камтарона ҳаёт кечириб кетади. Анна эса тўйга аталган кўйлагини ҳеч қачон турмушга чиқмасликка қарор қилиб шкафга илиб қўяди. Аммо кўйлак тўйда кийилиб, барибир рақсга тушади. Анна уни қадрдон дугонаси Элизабет Беллга никоҳ тўйида қарз бериб туради.
Дугонаси унга хиёнат қилади, раҳмат айтиш ўрнига Аннани қари қиз бўлиб қолгани ҳақида ғийбат тарқатади. Буни эшитган Анна умрининг охиригача ёлғиз ўтади. Изтиробда 1914 йилда вафот этади.
Воқеанинг қизиғи шундан кейин бўлади. 1941 йилда Аннанинг қароргоҳи музейга айлантирилади. Унинг келин кўйлаги махсус ойнаванд шкафга экспонат сифатида осиб қўйилади. Худди қиз ҳозиргина ташқарига чиққану қайтиб келиб киядигандай.
Уй-музей хизматкорлари бу кўйлакдан қўрқишади. Уларнинг айтишича, кўйлакда безовта Анна Бейкернинг руҳи яшайди. Вақти-вақти билан кўйлак ҳаракатга келиб, шкафдан чиқишга уринади. Енглари билан витрина ойнасини уради. Бу кўпинча ярим кечада рўй беради. Бу вақтда агар витринага кўзгу тутилса, унда нафақат кўйлак, балки ранги оқарган қиз сиймоси ҳам намоён бўлади. Музей ходимлар лаънати кўйлакка қўл текизишга қўрқишади.
Бир неча йил аввал ходимлардан бири экспонатнинг ҳолатини текшириш учун уни қўлга олади. Шундан кейин унинг оиласида нотинчлик бўлиб, эри ташлаб кетади. Бундай ҳол бир неча марта бўлган.
Т.Шомуродов тайёрлади.