Шойгу Путинга сафарбарлик тугагани ҳақида ҳисобот берди

Россияда эълон қилинган "қисман сафарбарлик" доирасида резервчиларнинг режалаштирилган сони - 300 минг киши чақирилди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради “Интерфакс”.

Бугун сафарбарликка чақирилган фуқароларни жўнатиш, хабарнома юбориш тўхтатилди, қўшимча вазифалар белгиланмаган. Сиз қўйган вазифа – 300 минг киши чақирилди. Ҳеч қандай қўшимча вазифалар режалаштирилмаган.

Бундан кейин ҳарбий комиссарликлар фақат кўнгилли ва пудратчиларни қабул қилиш йўли билан қўшинларни ёллашда давом этади, деди Шойгу.

Вазирнинг сўзларига кўра, “махсус ҳарбий операция” (Россия расмийлари урушни шундай атайди) зонасига сафарбар қилинган 82 минг киши жўнатилган. Яна 218 минг сафарбарлик ўқув марказлари ва полигонларда ўқитилмоқда.

Қисман сафарбарлик жараёнида турли даражадаги ижро ҳокимияти органларининг 1300 дан ортиқ вакиллари, 27 мингдан ортиқ тадбиркорлар чақирилиб, қўшинларга жўнатилди. 13 минг фуқаро чақирувни кутмасдан, ўз бурчларини бажариш истагини билдирди ва кўнгиллилар сифатида қўшинларга юборилди.

Путин, ўз навбатида, сафарбарлик узоқ вақт давомида амалга оширилмагани учун қийинчиликлар муқаррар эканини таъкидлади.

Россияда сафарбарлик 21 сентябрь куни эълон қилинган эди. Расмий равишда сафарбарлик Владимир Путин тегишли фармонни имзолаганидан кейин тугайди. Ҳужжат ҳали имзоланмаган.