Шри-Ланка экологик фалокат ёқасида

Шри-Ланка тарихидаги энг катта экологик фалокатни бошдан кечирмоқда: 25 тонна нитрат кислота, натрий гидроксиди ва бошқа хавфли кимёвий моддалар, шунингдек, полиэтилен пакетлар ишлаб чиқариш учун хомашёга тўла 28 та контейнер ортилган MV X-Press Pearl юк кемасида ёнғин содир бўлди.
Оқибатда машҳур курортларнинг хушманзара пляжлари микропластика билан тўлиб тошди. Улар денгиз ҳайвонларини нобуд қилмоқда.

Ҳалокат содир бўлгач, маҳаллий аҳолидан қирғоққа яқинлашиш, чиқиндига тегинишдан сақланиш сўралди, чунки у ўта заҳарлидир. 50 мил радиусда балиқ овлаш тақиқланади. Тозалаш ишларида ҳимоя воситалари кийган минглаб аскарлар иштирок этмоқда.

Олдин хабар берганимиздек, Сингапурда рўйхатдан ўтган кема Ҳиндистоннинг Гужарат штатидан Коломбо томон йўл олган эди. Унда 20 май куни Шри-Ланка қирғоқларида ёнғин чиқди ва ҳозир Коломбо пойтахтидан 9 мил узоқликда лангарда турибди. Ёнғинни ҳали тўлиқ ўчиришнинг имкони бўлмади. Муссон шамоли ўт ўчирувчилар ишини қийинлаштирмоқда.

Кема капитани ва бош муҳандиси руслар, капитан ёрдамчиси ҳиндистонликдир. Учаласи ҳам тергов қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, капитан нитрат кислота оқаётганини кема Шри-Ланка ҳудудий сувларига киришидан анча олдин билган. Тахминларга кўра, ёнғинга айнан азот оқиши сабаб бўлган.

Ҳукумат контейнер ташиш кемаси эгалари ва унинг экипажини судга бериб, зарарни қоплашни талаб қилмоқда.