Шу йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида 507 та ёнғин содир бўлди, 8 нафар фуқаро ҳалок бўлди
Матбуот уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Умид Аҳроров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа маълумотлар берилди.
Бошқарма томонидан ёз мавсумида, фуқароларнинг сувда чўкиш, овқатдан заҳарланиш (ботулизм), қутуриш ва куйдирги касаллиги, ёнғинлар ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши каби ҳолатлардан ҳалок бўлишлари ва тан жароҳати олишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони кўп учраганлиги сабабли асосий профилактик тадбирлар айнан шу ҳолатларнинг олдини олишга қаратилмоқда.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 979 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқаролар 227 млн. 342,5 минг сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди. Зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 386 та корхона, бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 7609 та электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.
Вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммо, камчиликлар юзасидан ҳокимликларга 252 та ва юқори ташкилотларга 518 та ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилди.
- Олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан ёз мавсумида фавқулодда ҳодисалар сони ошиб бормоқда, - дейди У.Аҳроров. - Жумладан, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида 507 та ёнғин содир бўлди. Ушбу ёнғинларда 8 нафар киши ҳалок бўлди, 20 нафар фуқаро жароҳат олди ҳамда вилоят ҳудудидаги сув ҳавзаларида 10 нафар фуқаронинг сувда чўкиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди.
Динора Ҳамидова.